Шохдара, Жанубий Шохдара, Жаушангоз — Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги дарё. Ғунт дарёсининг чап ирмоғи (Амударё ҳавзаси). Шохдара тизмасининг шим. ён бағирларидан бошланади. Узунлиги 142 км, ҳавзасининг майдони 4180 км². Шуғнон ва Шохдара тизмалари оралиғидан оқади. Ҳавзасида майдони 166,7 км²бўлган 379 та музлик бор. Қор ва музлик сувларидан тўйинади. Музламайди. Июлда суви кўпаяди. Ўртача кўп йиллик сув сарфи 34,5 м³/сек. Ўртача йиллик сув сарфи 48,6 м³/сек. дан (кўп сувли йилда) 2,6 м³/сек.гача (кам сувли йилда) ўзгаради. Суғоришда фойдаланилади.