Шуҳрат Юлдашев Ганиевич (1964-йил 21-феврал, Тошкент, Ўзбекистон ССР) — ўзбекистонлик олим, иқтисод фанлари доктори, профессор.

Шуҳрат Юлдашев
Таваллуди 1964-йил 21-феврал (1964-02-21) (62 ёш)
Тошкент, Ўзбекистон ССР
Фуқаролиги Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Иш жойлари Ўзбекистон Миллий университети
Таълими Тошкент давлат университети
Илмий даражаси иқтисод фанлари доктори
Илмий унвони профессор

Биографияси

Шуҳрат Юлдашев 1964-йил 21-февралда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топган. 1986-йилда Тошкент давлат университети фалсафа-иқтисодиёт факултетини иқтисодчи, сиёсий иқтисод ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2004-йилда Нидерландия Маастрихт Менежмент мактабини „Бизнесни бошқариш“ Эхеcутиве (МБА) топ-менежерларни тайёрлаш халқаро дастури асосида ўқиб тамомлаган. 1986-йилдан меҳнат фаолиятини Тошкент Халқ хўжалиги институтининг „Умумий иқтисодий назария“ кафедрасида ассистент лавозимида бошлаган[1]. 1989—1991-йилларда ушбу институнинг аспирантурасида ўқиган. 1992-йилдан Тошкент молия институти катта ўқитувчиси, 1996-йилда „Ўзбекинвест“ миллий экспорт-импорт суғурта компанияси менежери, 1998-йилдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг „Инвестицион дастурлар“ департаментининг бош мутахассиси бир вақтнинг ўзида Тошкент молия институтида ўқитувчи, 2001—2006-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Давлат ва жамият академиясининг Олий бизнес мактабида „МБА Менежмент“ кафедраси мудири, 2006-2017-йилларда Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида кафедра мудири, факултет декани, филиалнинг ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети иқтисодиёт факултетида „Иқтисодиёт назарияси“ кафедраси профессори[1]. Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси[1].

Илмий фаолияти

1995-йилда „Бозор иқтисодига ўтиш шароитида мева-сабзавот комплекси ривожланишини башорат қилиш (Тошкент вилояти хўжаликлари мисолида)“ мавзусида номзодлик, 2001-йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида „Хорижий инвестициялар Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ўсиши ва миллий такрор ишлаб чиқаришни либераллаштиришнинг омили сифатида“ мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Олим 2001-йилда Ўзбекистонда хорижий инвестициялар билан боғлиқ мавзуда биринчи бўлиб иқтисод фанлари доктори диссертациясини ҳимоя қилган ва республикамизда „Инвестицияларни ва инвестицион лойиҳаларни бошқариш“ илмий мактабини яратган[1]. Олим 2003—2014-йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг иқтисод фанлари бўйича эксперти, 2005—2014-йилларда Ўзбекистон Фан ва техника давлат қўмитаси эксперти сифатида фаолият кўрсатган. Олим 160 дан ортиқ илмий мақолалар, тезислар, 12 та монография, 4 та дарслик, 7 та ўқув қўлланма ва 12 та электрон дарсликларнинг муаллифи[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 Ўзбекистоннинг таниқли олимлари энсиклопедияси, 2-том (ўзбекча), Тошкент: Сcиэнcе анд Инноватион, 2023 — 383-бет. 

Ҳаволалар