Sifat (falsafa)
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Сифат — фалсафада обектнинг муҳим белгиларини ифодалайдиган фалсафий тушунча. Сифат обект таркибий қисмларининг ўзаро турғун муносабатларини акс эттиради, бу муносабатлар бир обектни иккинчи обектдан ажратиб турадиган ўзига хос томонларини англатади. Шу билан бирга сифат бир турдаги обектларга хос умумийликни ҳам ифодалайди. Сифат тушунчасини дастлаб Аристотел таҳлил қилган. У сифатни нарсаларга нисбатан аксиденсия деб таърифлайди. Ибн Сино эса сифатни нарсаларнинг ажралмас хусусияти, ўз-ўзича мавжуд эмас деб ҳисоблайди. Янги давр фалсафасида бирламчи ва иккиламчи сифатлар тушунчаси шаклланган. Гегел сифатга борлиқ билан айнан бўлган муайянлик деб таъриф берган. Унинг фикрича, сифат йўқолиши билан предметнинг ўзи ҳам йўқолади. Обектив оламдаги нарсалар ўзгаришда ва ривожланишда бўлиши билан бирга, улар нисбатан барқарор яхлитликка эга бўлиб, муайян буюм ёки нарса кўриниши (сифат)да намоён бўлади. Бирон нарсанинг айнан шу нарса эканлигини кўрсатувчи жиҳати унинг сифатидир. Сифат предметнинг ички моҳиятини, ички ва ташқи алоқадорликлари бирлигини ифодалайди. Сифат предметнинг миқдор хусусиятлари билан чамбарчас боғланган. Мас, сув кимёвий таркибига кўра 2 водород атомининг 1 кислород атомига бирикишидан ҳосил бўлган. Агар атомлар нисбати ўзгарса сув бошқа сифатли кимёвий моддага айланиши ҳам мумкин. Сувнинг физик хоссасига кўра у 0° дан + 100° гача бўлган ҳароратда ўзининг суюклик сифатини сақлайди, 0° дан паст ҳароратда музга айланади, +100° дан юқори ҳароратда буғ, яъни газ ҳолатига ўтади. Бу ерда миқдор ўзгаришининг сифат ўзгаришига айланишини кузатиш мумкин. Ҳозирги замон фалсафасида сифат нарсаларнинг ички ва ташқи муайянлиги, нарсанинг бир қатор хосса, белги, хусусиятлари бирлигини ифодалайди, деб таърифланади. Сифатни предметнинг хоссалари, белги ёки хусусиятлари билан аралаштирмаслик лозим. Сифат предметнинг нисбий барқарорлигини, доимийлигини, умумийлигини ифодаласа, хосса ва хусусиятлар предметнинг муайян томон ва белгиларини, бошқа предмет ва ҳодисалар билан алоқадорликларида намоён бўладиган жиҳатларини ифодалайди. Фалсафада сифатлар табиий сифатлар ва ижтимоий сифатларга ажратилади. Табиатда нарса ва ҳодисаларнинг муайян жиҳатларини, жисмийлигини, фазовақт тузилишини, энергетик ҳолатини, таркибини ифодаловчи сифат табиий сифат дейилади. Инсон фаолияти билан боғлиқбўлган, кишиларнинг бирбири ва табиат билан алоқадорликлари натижасида вужудга келган сифат ижтимоий сифат дейилади. Ижтимоий сифат индивидуал ва ижтимоий онг воситасида инсоннинг меҳнат фаолияти туфайли вужудга келади. Ижтимоий сифат ўз навбатида функсионал ва системавий сифатларга бўлинади. Функсионал сифатга эга бўлган обектлар мажмуаси иккинчи табиат деб ҳам аталади. Унга инсон томонидан яратилган нарсалар (уй, мих, трактор, самолёт ва бошқалар) киради. Кишиларнинг муайян ижтимоий муносабатлари мажмуини ифода этувчи сифат системавий сифат дейилади. Бундай сифат муайян буюмда ижтимоий алоқадорликлар шароитидагина мавжуд бўлади, бундай алоқадорликлардан ташкарида эса у йўқолади. Одам нарсаларнинг вужудга келиш, ривожланиш, емирилиш, яъни бошқа сифатларга эга бўлган янги нарсаларга айланиш жараёнларидан иборат. Сифатнинг ўзгариши муайян обектнинг бошқа обектга айланганлигини билдиради. Сифат тушунчаси инсоннинг обектив реалликни билишидаги маълум босқични ифодалайди. Билиш Сдан миқдорга ва сўнг уларнинг бирлиги — меъёрга қараб боради. Ҳар қандай предмет сифат ва миқдор бирлигидан иборат.
Адабиётлар
- Ибн Сина, Данишнаме, Москва, 1980.
- Фалсафа (маърузалар матни), Тошкент, 2000.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Фалсафага оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |