Симментал қорамол зоти (нем. Симментал — Зимментал водийси номидан) — сут-гўшт йўналишидаги қорамол зоти. Швейсарияда маҳаллий ва В асрда келтирилган Скандинавия қорамолларини яхшилаш йўли билан чиқарилган. Европа мамлакатларида кенг тарқалган Симментал қорамол зоти, асосан, маллаола, боши ва думининг учи оқ, йирик, тана тузилиши мустаҳкам. Сигирларининг вазни 500–600 кг, буқалариники 900– 1000 кг. Новвослар бўрдоқига боқилганда тез семиради, 12 ойлигида 400– 420 кг, 18 ойлигида 500–600 кг га боради. Юқори сифатли гўшт беради. Сўйим чиқими 58—62%. Сигирларнинг сут соғими ўртача 5000–6000 кг, ёғлилик даражаси 3,8—3,9%. 3отнинг рекордчи сигирлари бир йилда 14—15 минг кг сут берган. Симментал қорамол зоти ўзининг маҳсулдорлиги ва турли иқлим шароитларига мослашганлиги туфайли кўпгина мамлакатларга кенг тарқалган. Россия ва Украинага ХИХ асрнинг бошларида олиб келинган. Ўзбекистонга 1942—1955-йилларда кўплаб келтирилган ва соф ҳолда урчитилган. 1970-йилдан бошлаб Симментал қорамол зоти раёнлаштирилган бошқа зотлар билан чатиштирилган.