Синекдоха (юн. сйнеcдоче — бирга назарда тутмоқ, бирга ўйламоқ) — метонимия (мажоз)нинг кўринишларидан бири; С.да ҳам маъно кўчиши ўхшашлик, боғликликка асослансада, бу ерда кўчиш объектлари ўртасидаги миқдорий белги етакчилик қилади; бутун нарсанинг номини унинг қисми номи билан ва аксинча, қисм номини бутун нарсанинг номи билан аташ, кўплик сондаги сўз ўрнига бирлик сондаги сўзни қўллаш ёки аксинча ишлатиш, баъзан жинс-тур муносабатидаги сўзларнинг бир-бири ўрнида қўлланиши ва бошқа Масалан, "тирноққа зор бўлмоқ" иборасида тирноқ (қисм) сўзи бола, фарзанд (бутун) маъносида, "беш қўл баробар эмас" иборасида эса қўл (бутун) сўзи бармоқ (қисм) маъносида қўлланган; М. Шолохов ўз асарига "Инсон тақдири" деб ном қўйганда ҳам алоҳидалик (инсон) ўрнида умумийликни (одамлар, бутун бир халқ) назарда тутган. "Сотувчи, харидор билан хушмуомала бўл!" кўринишидаги шиорларда ҳам бирлик сондаги сотувчи ва ҳаридор сўзлари аслида барча сотувчи ва ҳаридорларни незарда тутади. С. бадиий адабиётда асарнинг таъсирчанлиги ва эмоционаллигини оширишда ёки субектив муносабат билдиришда муҳим восита ҳисобланади.

Абдуваҳоб Мадвалиев.