Сиркад ритмлар (лотинча: cирcа — яқин ва диэс — кун) — бир кеча-кундузлик ритмлар; биологик жараёнлар ва ҳодисаларнинг ҳар 20—24 соатда такрорланиб туриши. 24 соатдан кўпроқ вақтдан сўнг такрорланадиган Сиркад ритмлар фақат экспериментал шароитда (доимий ҳарорат ва ёруғлиқда) кўпчилик ўсимлик, ҳайвонлар ва одамларда кузатилади. Олимларни фикрича, Сиркад ритмлар табиий бўлмаган, яъни доимий шароит таъсирида ирсий суткалик ритм асосида юзага чиқади. Мас, доимий шароит организм учун қулай бўлганида ҳайвон одатдагига нисбатан эртароқ ҳаракатчан бўлиб қолади; шароит ноқулай бўлганида эса илгариги 24 соатлик ритм кечика бошлайди. Сиркад ритмлар организмнинг ҳаёт фаолиятига таъсир қилиши (мас, ҳашаротларнинг тухум қўйиши, ўсимликлар барги ҳолатининг ўзгариши) ёки айрим физиологик жараёнларга таъсир кўрсатиши мумкин. Доимий шароитда Сиркад ритмлар организм функсияларига бир хил таъсир этмайди. Мас, одамда гавда ҳарорати, бедорлик ва уйқу даврлари ритми фарқ қилади. Бу ҳолат организмда касаллик пайдо қилиши мумкин (мас, космик парвозда).

Манбалар