Скиландис (литовча: скиландис) — Литва миллий ошхонасининг таомидир. Колбасанинг бир тури. Литва ва Полшанинг баъзи ҳудудларида у киндзукас деб аталади (литовча: киндзукас, полякча: киндзиук).

У кесиб майдаланган юқори сифатли чўчқа гўштидан тайёрланади (баъзи рецептларда гўшт колбаса тайёрлаган каби катаклари каттароқ қиймалагичдан ўтказилади)[1]. Гўшт чўчқа ошқозонига солинган ёғ билан аралаштирилади, туз, майдаланган қалампир, кашнич ва саримсоқ қўшилади[2]. Пиширишга тайёрланган маҳсулот ип билан боғланади. Литванинг турли минтақаларида пишириш усули бир-биридан бироз фарқ қилиши мумкин, аммо пиширишнинг умумий принсипи 5-10 кун давомида (дзуки рецепти) қоқ қуритишдир. Қуритгандан сўнг скиландис озиқ-овқат сифатида фойдаланилиши ёки 3-4 ҳафта давомида қўшимча равишда совуқ дудланиши мумкин. Яроқлилик муддатини ошириш учун таркибига селитра қўшилиши мумкин[3]. Қўшимча шартларсиз хона ҳароратида узоқ сақланиши билан ажралиб туради.

У ҳар қандай қуруқ ёки хом дудланган колбаса каби истеъмол қилинади, лекин шўрвалар — борш, карам шўрва ва бошқаларни тайёрлаш учун таъм бергич бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин. Скиландиснинг бўлаклари докага ўраб шўрвага ташланади ва шўрва пишгач, қайнаган гўштни алоҳида ейиш мумкин.

Бошқа колбасалар билан солиштирганда, скиландис анча қиммат маҳсулотдир, чунки тайёрланишига кўп вақт кетиши билан бирга чўчқа гўштининг фақат энг сара жойлари ишлатилади.

Рус тилидаги ошпазлик китобларида гарчи асл номига мувофиқ келмаса ҳам бу таом сичуг деб аталиши учрайди[4].

„Скиландис“ номи Европа Иттифоқида ТСГ (Анъанавий ишлаб чиқариш кафолати) мақомида рўйхатга олинган савдо белгисидир[5].

Яна қаранг

Манбалар