Скиния — худонинг кўчма ибодатхонаси. Яҳудийлар худонинг иродасига биноан Мисрдан чиққанларидан сўнг саҳрода юрганларида ўзлари учун скиния барпо этишган. Библияда скиния атамаси маъносини англатиш учун мишкан (турар жой), мишкан Яхве (Яхвенинг макони), мишкан ха эдут (шаҳодат манзилгоҳи), охел (чодир), охел моэд (тўпланиш чодири), мишкан охел моэд (тўпланиш манзилгоҳи), микдаш (ибодатхона) ва ха кодеш (муқаддас жой) каби атамалар ишлатилган. Скиния ва унинг зарур анжомлари, руҳонийларнинг либослари халқ томонидан ихтиёрий равишда ҳадя этилган олтин, кумуш, мис, қимматбаҳо тошлар, акация дарахти ёғочи, матолар, тери каби турли материаллардан ишланган. Энг муқаддас анжомлар қимматбаҳо материаллардан ясалган. Скиния тўғри бурчак шаклга эга иншоот бўлиб, тери ва ёғочдан ясалган чодир бўлган. Скиниянинг ичи тенг бўлмаган икки бўлмага ажратилган. Скиния тўрида жойлашган кичикроқ бўлма кадеш ха кодашим (муқаддасларнинг муқаддаси) деб номланган. Скиния атрофидаги 50х25 метр тўғри бурчакли майдон барпо этилган, ушбу майдон ташқи оламдан пардалар воситасида тўсилган. Скинияда сақланадиган энг муқаддас предмет Ахд қутиси бўлиб, у „Муқаддасларнинг муқаддаси“ деб номланган бўлмага жойлаштирилган. Скиниянинг иккинчи бўлмасида эса етти устунли тилла шамдон — менора ва меҳроб сақланган. Библия таълимотига кўра, скиния ва унинг анжомлари Бесалел номли уста томонидан ясалган. Унга Охолиав номли ва бошқа моҳир усталар ёрдамлашишган. Руҳонийларнинг либосларини ҳам улар тайёрлашган. Скиния яҳудийлар Мисрдан чиққанларидан кейинги иккинчи йилнинг иккинчи ойида қуриб битказилган. Скиния илк қурилган даврдан бошлаб яҳудийлар ҳаётида муҳим ўрин тутиб келган. Библияга кўра, скиниянинг вазифаларини уч қисмга бўлиш мумкин: 1) Скиния Худонинг яҳудийлар орасидаги манзилгоҳи ва унинг тимсоли сифатида эътироф этилади; 2) Скиния кундалик ибодатлар ва қурбонликлар амалга ошириладиган диний марказ сифатида кўрилади; 3) Скиния Худо ўзининг мавжудлигини кузатадиган ва Мусо билан гаплашадиган жой деб эътироф этилади[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 348.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.