Склероз (юн. склеросис — қотиш, қаттиқлашиш) — аъзолар, томирлар девори ва тўқималарнинг специфик функсионал элементлари (без ҳужайралари, мускул толалари ва бошқалар) ўлиб, ўрнини бириктирувчи тўқима эгаллаши натижасида уларнинг қаттиқлашиши. Склеротик ўзгаришларнинг ривожланиши шикастланган аъзо функсиясининг пасайишига олиб келади. Юрак мускуллари Си (кардиосклероз) юракнинг қисқаришини камайтиради. Ўпка тўқималари Си (пневмосклероз) қоннинг кислород билан тўйиниши камайишига сабаб бўлади. Артерия томирлари Си (атеросклероз) томирларда қоннинг ҳаракат қилишини, шунингдек, кислород ва озиқ моддаларнинг аъзо ва тўқималарга етказилишини қийинлаштиради.

Кўп ҳолларда турли яллиғланиш жараёнлари билан кечадиган касалликлар (сил, захм, сурункали яллиғланиш жараёни ва бошқалар), шунингдек, турли хил сабабларга кўра, моддалар алмашинувининг бузилиши (тўқималарда узоқ вақт кислород етишмаслиги, эндокрин аъзолар функсиясининг бузилиши ва бошқалар). С.га сабаб бўлади. С. одам организмининг барча тўқима ва аъзоларида пайдо бўлиши мумкин. С.нинг олдини олиш учун унга сабаб бўлган касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш керак.