СЛОВАТСКИЙ (Слоwаcки) Юлиуш (1809.4.9, Кременец, Тернопол вилояти яқинида – 1849.9.4, Париж; 1927-йилда унинг хоки Краковга кўчирилган) – поляк шоири. Вилнюс университетини тугатган (1828). Дастлабки достонлари („Гуго“ (1829); „Ян Белецкий“ (1830) ва бошқалар) романтик руҳда ёзилган. 1831-йилдан муҳожирликда яшаган. Яқин Шарқ мамлакатларига сафари таассуротида „Неаполдан муқаддас жойларга саёҳат“ (тугалланмаган, 1836—39) асарини ёзган. „Ангелли“ (1838), „Швейсарияда“ (1839) каби поэтик асарларида халқ қудрати ва келажагига ишончи ифодаланган. Словацкий поляк романтик театри репертуарини яратган („Кордиан“ (1834); „Горштинский“ (1835); „Хаёлот“ (1841) ва бошқалар). „Бенёвский“ достони (тугалланмаган, 1841) кўп йиллик ижодий изланишларининг чўққисидир. Словацкийнинг фалсафий-тарихий қарашлари унинг тугалланмай қолган „Қирол Руҳ“ эпопеясида бирмунча акс этган.