Снайпер (инг. снипе — панадан отмоқ) — махсус мўлжалга олиш мосламаси билан жиҳозланган қуролдан отиш, душмандан паналаниш ва уни кузатиш сир-асрорларини эгаллаган мерган. Снайпер номи Биринчи жаҳон уруши даврида инглиз армиясида пайдо бўлган, Иккинчи жаҳон урушида кенг қўлланган. Снайпер махсус жиҳозланган пана жой (позиция)дан туриб отади. Айрим ҳолларда у қоронғида кўриш ва кузатиш асбоби билан ҳам таъминланади. Снайпер 800 метргача узоқликдаги нишонни пойлаши мумкин. Артиллерия, танк қўшинлари ва авиациядаги моҳир отувчилар ҳам снайпер деб аталади. Ўзбекистонда қадимдан қўшинлардаги моҳир камончилар ва овчилар мерган деб аталган.