Соҳиб Назарбоев (1882-йил, Андижон — 1952-йил 8-август) — ўқитувчи, котиб. Бир қанча давлат идораларида ҳисобчи вазифасида, маориф соҳаларида ишлаган. Андижондаги „Миллий Иттиҳод“ аксилинқилобий ташкилотининг аъзоси сифатида қамоққа олинган.

Соҳиб Назарбоев
Таваллуди 1882-йил
Вафоти 1952-йил 8-август
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР
Касби Ўқитувчи
Фаолият йиллари 1900-1951
Отаси Мехлисон
Онаси Сорабиби Ҳайитбоева

Ёшлиги

Соҳиб Назарбоев 1882-йилда туғилган. Отасининг исми Мехлисон, миллати эса немис бўлган. Мехлисон подшо чиновникларидан бўлиб, Андижон вилоятида ер ўлчовчи вазифасида ишлаган. Мехлисон эътиқоди билан боғлиқ муаммолар туфайли Андижондан Петербургга чақириб олинади, қайтишига эса рухсат берилмайди. Хотини Сорабиби Ҳайитбоева фарзанди Соҳиб билан ноилож Наманганга отасиникига қайтади ва Назарбой исмли котибга турмушга чиқади. Назарбой болани ўзига ўғил қилиб олади ва унга Соҳиб Назарбоев деб ўз фамилиясини беради. Бироқ Назарбой кўп ўтмай вафот этади. Шундан сўнг Сорабиби Андижондан бўлган машҳур бой Миркомил Мирмўминбоевнинг ишчиларидан Миршариф Миржумабоевга турмушга чиқади. Шу тариқа оила Андижонда яшаб қолади.

Фаолияти

1900-йилгача Соҳиб Назарбоев эски мактабда таҳсил олган. 1908-йилгача Назар аминга мирза, 1908—1916-йилларда эса Андижон шаҳрининг Тегирмонтош мавзесидаги рус-тузем мактабида ишлайди. Мактабга Андижон шаҳри маориф инспектори Кузнецов ва Туркистон Маорифи бош инспектори Остроумовлар келиб, иш фаолиятини текширадилар. Бир неча кундан сўнг Кузнецов Соҳиб Назарбоевни ўз уйига чақиради ва қисқа суҳбатдан сўнг унга ўзи билан ҳамкорликда ишлашни таклиф қилади. Унга ўқувчиларнинг кайфиятини ўрганиш ва бу ҳақида Кузнецовга ахборот етказиб туриш вазифаси берилади. Назарбоев бу ишдан бош тортади. Натижада Андижон маориф бўлими уни таълим тизимида ишлашдан маҳрум этади[1]. 1916—1917-йилларда ҳеч қаерда ишламаган.

1917-йил 17-июлда Шўрои Исломия ташкилотининг ташаббуси билан Андижонда Европа миллатлари вакилларининг депутатлар совети қошида „Мусулмон депутатлари совети“нинг маҳаллий бўлими ташкил этилади. Соҳиб Назарбоев 1918-йил бошидан 11-августгача Арипов, Атажонов, Рахматов, Атабеков, Ҳайдарҳожиев, Ризабоевлар билан мазкур ташкилотда фаолият кўрсатади. Шунингдек у 1918-йил 15-майдан 15-июлгача Андижон вилоятининг ижроя қўмитасида миллатлар иши бўйича комиссар ёрдамчиси вазифасини бажаради.

Соҳиб Назарбоев 1922—1924-йилларда Андижон туман маориф бошқармасининг молия бўлимида, 1924—1926-йилларда Андижон бирлашган касаба уюшмасида ходим, 1926—1928-йилларда ҳисобчи, 1928—1930-йилларда селхозбанкда ревизор, 1930—1932-йилларда Андижон шаҳар молия бўлимида котиб лавозимларида ишлайди.

Назарбоев 1934-йилда Тошкентга келиб, „Қизил деҳқон“, „Қизил юлдуз“ колхозларида ҳисобчи, 1934-йил ноябрдан 1948-йилгача давлат киностудия идорасида ҳисобчи, 1951-йил 28-февралгача „Прогресс“ артелида қоровул бўлиб ишлаган.

Соҳиб Назарбоев 1951-йилда суд ҳукми билан қамоққа олинади. Унга Андижондаги „Миллий Иттиҳод“ аксилинқилобий ташкилотининг аъзоси деган айб қўйилади ва 10 йил қамоқ жазоси берилади. Жазони ўтаётган вақтда 1952-йилнинг 8-августида вафот этади[2].


Манбалар

  1. ↑ Б. Ҳасанов. Тарихнинг нома'лум саҳифалари. 7-китоб. Тошкент ислом университети 2018 — 169-бет. ИСБН 978-9943-4964-4-6. 
  2. ↑ Баҳром ИРЗАЕВ „“Ўлим рўйхатидан” жой олганлар ёхуд “Ўткан кунлар”ни ўқигани учун 25 йилга қамалганлар“. уза.уз. Қаралди: 26-июн 2023-йил.