Соҳибов Шоҳназар (1903.16.5, ғоз. Вобкент тумани Кумушкент қишлоғи — 1973.21.3, Душанба) — ўзбек ва тожик ҳофизи, созанда, бастакор. Ўзбекистон (1944), Тожикистон (1957)да хизмат кўрсатган санъат арбоби. Самарқанд мусиқа ва хореография институти (1928—32), Москва Ўзбек опера студиясининг композиция синфида (1935— 41) таълим олган. Самарқанд (1931 — 33) ва Бухоро (1933 — 35) мусиқали драма театрлари, Ўзбекистон радиоқўмитаси халқ чолғу асбоблари ансамблининг (1945—47) мусиқа раҳбари, Ўзбек давлат филармонияси (1943— 45), Тожик давлат филармонияси (1947—50)да бадиий раҳбар. Тожикистон халқ ижоди уйида катта илмий ходим (1950—66). 1966-йилдан Тожикистон радио ва телевидениеси Шашмақом ансамблининг раҳбари. С. Бухоро ижрочилик мактаби анъаналарини давом эттириб, мумтоз ашулалар ва мақом йўлларини ўзбек ва тожик тилларида маҳорат билан куйлаган. С. вокалрақс сюитаси, бир қанча қўшиклар ва маршлар яратган. Ф. Шаҳобов, Б. Файзуллаевлар билан Тожикистонда Шашмақомни нотага олиб, В. Беляев таҳририда нашр эттирган (1950—1967, Рудакий номидаги Тожикистон Давлат мукофоти лауреати, (1972).