Solih ibn Vosif
Солиҳ ибн Восиф (арабча: صالح بن وصيف) (870-йил тах. 29-январда вафотетган[1]) – Аббосийлар халифалиги хизматида бўлган турк зобити. Самаррадаги анархия даврида муҳим шахслардан бири бўлган Восиф ат-Туркийнинг ўғли. 869-йилда пойтахт Самаррада қисқа муддат ҳокимиятни қўлга киритиб, халифа ал-Му’таззни тахтдан ағдарган. Бироқ кейинчалик саркарда Мусо ибн Буға ал-Кабир томонидан мағлуб этилган ва кейинги йили ўлдирилган.
| Солиҳ ибн Восиф صالح بن وصيف | |
|---|---|
| Вафоти | тах. 870-йил 29-январ |
| Фуқаролиги | Аббосийлар халифалиги |
| Қўшин турлари | Аббосийлар давридаги турк ҳарбий қисми |
| Хизматдаги йиллари | тах. 866 – 870 |
| Унвони | ҳарбий зобит |
| Жанг/уруш | Аббосий фуқаролар уруши |
| Алоқа | Восиф (отаси) |
Датлабки фаолияти
Солиҳ ал-Му’тасим халифалиги даврида (ҳ. 833–842) машҳурликка эришган турк қўмондони Восиф ат-Туркийнинг ўғли эди. Восиф ўзининг иттифоқчиси, яна бир турк саркардаси Буға аш-Шарабий билан биргаликда халифа ал-Мутаваккилнинг (ҳ. 847–861) ўлдирилишида иштирок этган. Ал-Мутаваккилнинг ўлимидан кейин бошланган нотинч даврда (яъни 861–870 йиллардаги Самаррадаги анархия даврида) Восиф ва Буға юзага келган воқеаларнинг асосий иштирокчиларидан бўлишган. Улар марказий ҳокимият устидан катта таъсир кучига эга бўлган ва бир нечта халифалар ҳамда нуфузли шахсларнинг ҳокимиятдан қулашига сабаб бўлган[2].
868-йилда отаси Восифнинг вафотидан олдин, Солиҳ, асосан, унинг қўл остида хизмат қилган бўлиши мумкин. 867-йилга қадар бўлган даврда Солиҳнинг ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда кам[3]. Тарихчи ат-Табарийнинг ёзишича, Солиҳ халифа ал-Мутаваккилга уюштирилган суиқасдда билвосита иштирок этган, у отаси томонидан фитначиларга ёрдам бериш учун юборилган беш ўғилларидан бири эди[4]. 865-йилда эса Солиҳ отаси Восиф, Буға ал-Шаробий ва халифа ал-Мустаъин (ҳ. 862–866) билан бирга Самаррадан Бағдодга қочиб кетган. 865–866-йиллардаги ал-Мустаъин ва ал-Муътазз (ҳ. 866–869) ўртасидаги фуқаролар уруши охирларига келиб, Солиҳ шаҳарнинг шарқий қисмидаги Шаммосийя дарвозаси бошқарувига тайинланган[5].
867-йил октябр ойи охирларида Восиф Самаррадаги ғазабланган аскарлар томонидан ўлдирилгач, дастлаб унинг оиласи ноаниқ ва заиф аҳволда қолди. Восифнинг расмий лавозимлари унинг эски иттифоқчиси Буға ал-Шаробийга топширилди. Оломон Восиф ҳамда унинг ўғилларининг уйлари ва мол-мулкини талон-тарож қилишга уринишди, бироқ бу уриниш муваффақияцизлик билан якунланди[6]. Бу пайтда Солиҳ Восиф уруғининг етакчилигини ўз зиммасига олди ва отасининг тарафдорларини ўзига содиқ қолишига эришди. Ушбу тарафдорлар тармоғи орқали у тез орада отасининг сиёсий мавқеини эгаллади ва катта таъсир кучига эга бўлди[7]. Солиҳнинг обрў-эътибори ортиши натижасида у бир қанча халифалик лавозимларига тайинланди. 868-йил бошларида Диёр Мудар, Қиннасрин ва Авасим вилоятларининг бошқарувини ўз зиммасига олди ва бу ҳудудларга ўзининг вакили сифатида Абу ас-Сож Девдадни ҳоким этиб тайинлади[8].
Манбалар
- ↑ Яршатер 1985–2007, в. 36: п. 90
- ↑ Кеннедй 2004, сс. 157, 168–72
- ↑ Гордон 2001, с. 97
- ↑ Яршатер 1985–2007, в. 34: п. 180
- ↑ Яршатер 1985–2007, в. 35: п. 102
- ↑ Яршатер 1985–2007, в. 35: п. 146
- ↑ Ал-Я'қуби 1883, с. 614; Ал-Мас'уди 1861–1877, в. 7: п. 396; Гордон 2001, сс. 97–98, 114
- ↑ Яршатер 1985–2007, в. 35: п. 154