Солиҳбек охунд (тўлиқ исми Мулла Солиҳ охунд додхоҳ Қозоқбойбек Убайдуллабек ўғли) (1805, Тошкент — 1868, Томск, Россия) — давлат арбоби, уламо, мударрис, Подшо Россияси қўшинларига қарши Тошкент мудофаасининг раҳбари. Отаси — Қозоқбойбек Қўқон хонлигининг энг нуфузли кишиларидан бири бўлган, унга додхоҳ унвони берилган; Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган ишларда унинг маслаҳати муҳим аҳамият касб этган. СО. дастлаб Тошкент мактаб-мадрасаларида, сўнг Бухорода (1832—42) таҳсил олиб, охунд илмий унвонига сазовор бўлган. Шералихон (1832—44) томонидан юборилган „Муборакнома“га мувофиқ хон саройида маслаҳатчи вазифасини бажаради, кўп ўтмай Тошкентга крзи ва раис ҳамда Хожа Ахрор Валий, Кўкалдош мадрасаларига бош мударрис лавозимига тайинланади. Худоёрхон (1862) даврида ҳам унинг мавқеи кўтарилади. Мамахон тахтга келгач (1858—62), Солиҳбек охундни Қўқонга чақиртириб „Қозилик ва бошқа амалларга“ ёрлиқ беради. Султон Саидхон (1863—65) даврида ҳам хоннинг яқин маслаҳатчиларидан бири бўлган. Алимқул билан бирга ва у шаҳид бўлгач, якка ўзи Тошкент мудофаасини бошқаради. Барча маблағини шаҳар муҳофазаси учун сарфлайди. Генерал М. Черняев билан ўртада тузилган шартнома аҳдларини тузишда фаоллик кўрсатган. Бу шартнома қабул қилиниб, ўртада „Аҳднома“ битилгач, кутилмаганда Черняев шартномани бузиб, ўз хоҳишига мос келадиган 2-шартномани тузади. Со. унга имзо чекишдан бош тортади. Шу сабабли 9 нафар шериги билан судсиз Томск шаҳрига сургун қилинади. Тошкент шаҳрининг 37 нафар нуфузли кишилари Со.ни сургундан қайтариш учун императорга „Илтимоснома“ (1867) юборадилар. Унга қайтиш учун рухсат берилганлигини эшитган рақиблари одам ёллаб Солиҳбек охундни заҳарлаб ўлдирганлар.

Манбаларда Со. Хўжа Аҳрор Валий мадрасасини ўз маблағи ҳисобидан тузаттиргани, Кўкалдош мадрасасини ҳам таъмирлаб, 3 ошиёнлик ҳужраларини ганч сувоқ қилдиргани маълум. Со. уламо бўлиш билан бирга кучли тиб олими ва қасиданавис шоир ҳам бўлган.

Адабиёт

  • Ибрат, Фарғона тарихи, ["Мерос" китобида] Т., 1991;Ўринбоев А., Бўриев О., Тошкент Муҳаммад Солиҳ тавсифида (ХИХ аср), Т., 1983. Сирожиддин Ахмедов.