Solomon Gersfeld
| Соломон Герсфелд | |
|---|---|
Соломон Абрамович Герсфелд | |
|
| |
| Туркистон мухторияти молия вазири | |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
1881-йил 27-ноябр Одесса |
| Вафоти | 1918-йил |
Соломон Абрамович Герсфелд (1881—1918) — Туркистондаги йирик сармоядор, журналист ва адвокат. Ўрта Осиёдаги Сионистлар комитети раиси. Туркистон мухторияти молия вазири, ҳуқуқшунос[1].
Таржимайи ҳоли
Соломон Герсфелд 1881-йил 27-ноябрда Одессада туғилган. У бухоро яҳудийларидандир. Герсфелд 1902-йилдан бошлаб Швецариядаги Берн университети юридик факултетининг эркин тингловчиси бўлган. Соломон Герсфелд Россияга қайтгач, Одесса юнкерлик билим юртига имтиҳон топширган ва Самарқадда жойлашган 6-Туркистон баталёнига ҳарбий хизматни ўтаган. Унинг ташаббуси билан 1904—1906-йилларда рус тилида „Самарқанд“ газетаси нашр этилган. У 1907-йилда Одесса шаҳридаги Новороссиеск университети юридик факултети 2-курс талабалигига қабул қилинган. 1908-йилда унинг ташаббуси билан „Одесскоэ слово“ газетасини чиқарилган. 1913-йил майда университетни тамомлаб, Самарқадга борган[2].
Фаолияти
Соломон Герсфелд фаолияти давомида Самарқанд шаҳар Думасида яҳудийлар комитети раиси, 1917-йилда Самарқанд шаҳар Думаси аъзоси, 1917-йил ноябрдан Туркистон мухторияти молия вазири ва Миллий мажлис аъзоси каби лавозимларда фаолият олиб борган. У Туркистон мухториятининг бошқа аъзоларидан фарқ қилиб, ҳукуматнинг биринчи таркибида туб хақлардан бўлмаган ягона номзод сифатида молия вазири бўлган. Кейинчалик у ўз лавозимини Ислом Султон Шоаҳмедовга топширади. 1918-йил Туркистон мухторияти тугатилгач, қизил гвардиячилар томонидан қамоққа олинган. 1918-йил 18-февралда отиб ташланган. Соломон Герсфелд Ўрта Осиё темир йўлининг Мелниково стансияси (ҳозирги Конибодом)да дафн этилган. Бухоролик яҳудийлар талаби билан унинг жасади 1918-йил Самарқаддаги яҳудийлар қабристонига қайта дафн қилинган. У фаолияти давомида Туркистон мухторияти учун курашлар олиб борди. Унинг таржимайи ҳоли тўғрисида етарли маълумотлар сақланиб қолмаган[2].