Соқа (араб.) —1) ҳарбий юриш ёки ҳарбий амалиётлар чоғида асосий кучлар ортидан соқчилик қилиб борувчи, зарур вақтларда мададга келувчи махсус суворий қисм. Чингизхон, Амир Темур, Бобур, ўзбек хонлари қўшинларида мавжуд бўлган ва у аскар, мўғулча чағдовул атамаси билан ифодаланган (қаранг Арергард); 2) жанг пайтида турли ташқи зарбалар, хусусан, ғанимнинг ўқ, қилич, найза сингари қуроллари захмидан сақланиш мақсадида тизза ва тирсакларга кийиладиган металл қалқонча. Тизза С.си, шунингдек, тизлик деб ҳам номланган; 3) Хоразм ва Қорақалпоғистонда канал боши маъносида ишлатиладиган атама. "Саға" шаклида талаффуз қилинган. Тарихий манбаларда кўп учрайди. Жой номлари таркибига кирган (мас, Тошсоқа канали).