Соқийнома (соқий ва нома) — 1) Шарқ мумтоз адабиётида маснавий шаклидаги лирик жанр. Одатда, ҳар бир банди бевосита соқийга мурожаат сифатида бошланиб, кейин шоирнинг кечинмалари тасвирланган. С. расман марҳумлар хотирасига бағишлансада, унда шоирнинг фалсафий, ижтимоий ва ахлоқий қарашлари ҳам ўзига хос лирик тарзда акс этган. Форс тилидаги дастлабки С.лар Низомий ("Лайли ва Мажнун" дебочасида), Салмон, Ҳофиз қаламига мансуб. Ўзбек адабиёти тарихида бу жанрни Алишер Навоий асослаган. Навоийнинг "Хазойин ул-маоний" асаридаги 32 банд (458 байт)дан иборат С.си қўйилган масалаларнинг кенглиги, аниқ тарихий шароит ва воқеалар билан бевосита боғланганлиги жиҳатидан ажралиб туради. Бу асар ўзига хос изчил услубга эга. Унда Навоийнинг шахсий турмуши билан боғлиқ деталлар ҳамда шоирнинг ўз даври ва замондошларига берган баҳоси поэтик ифодасини топган. Навоийдан кейин форс, тожик ва туркий тилларда (Фузулий, Суруш ва бошқа томонидан) бир неча С. яратилган; 2) енгил ва жонли суръатдаги машҳур доира усули (бакабакабумбум); мазкур усулда айтиладиган ашула йўллари номи. Шашмақомнинг Савт ва Мўғулчалар шўбалари таркибида бўлиб, улар номи билан қўшиб аталади. Мас, Си Савти Сарвиноз (Бузрук мақомида), С.и Савти Калон, Си Савти Сабо (Ростда). Дастлаб С. жанридаги шеърлар билан, кейинчалик вазн жиҳатдан мос келадиган бошқа ғазаллар билан ҳам ижро этилган. С. йўллари рақсга жўрнавоз сифатида ҳам айтилган.