Социолингвистика (лот соcиэтас — жамият ва лингвистика) — тилшунослик, социология (жамияцҳунослик), ижтимоий психология ва этнография фанлари туташмасида ривожланувчи ва тилнинг ижтимоий табиати, унинг ижтимоий вазифалари, тилга таъсир кўрсатиш механизми ҳамда тилнинг жамият ҳаётида тутган ўрни билан боғлиқ кўплаб муаммолар мажмуини ўрганувчи илмий назарий соҳа ҳисобланади. Ушбу муаммоларнинг айримлари („тил ва жамият“) умумий тилшунослик доирасида ҳам ўрганилади. Социолингвистиканинг фанлар аро мақоми у фойдаланадиган тушунчалар мажмуида намоён бўлади. Ўтган асрнинг 70— 80 йилларидаги айрим социолингвистик изланишлар бир томонлама — ўша вақтдаги тил сиёсати нуқтаи назари ва талаблари асосида олиб борилган.[1] Социолингвистикадаги меъёрийлик мезони дейилганда тилнинг муайян меъёрлар асосида мувофиқлаштирилуви тушунилади. Тил грамматикасига оид қонун-қоидаларнинг яратилиши меъёрлаштиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Меъёрлаштирилган тил муайян жамиятнинг эҳтиёжи учун хизмат қиладиган, муайян қонун-қоидалар асосида мувофиқлаштирилган миллий-адабий тилдир. Ҳудудийлик тилнинг маълум ҳудуд билан боғлиқлигини ифода этади. Ҳудудийлик миллат, элатга хос урф-одат, анъаналар, тарихий-этник бирлик ва ягона давлат тизимининг шаклланганлиги билан боғлиқ. Миллатнинг, ҳудуднинг, тарихий-этник асос ва тараққиётнинг бошқа-бошқалиги тиллар ўртасидаги фарқлар учун асос бўлади. Миллат ва этник асоснинг бир хил бўлиши ҳудуднинг фарқ қилишидан қатъи назар, алоқамуносабат воситасининг бир хил бўлишини таъминлайди. Масалан, ўзбек ва тожик тилларида ҳар бир тилнинг ўзига хослиги кўзга ташланади. Бир хил этник асосга эга бўлган ўзбек ва қирғиз тиллари ўртасида фонетик, лексик, грамматик фарқлар бор. Адабий тил ва шевалар ўртасида ҳам тилнинг ички тузилиши билан боғлиқ фарқлар кузатилади. Ижтимоий табиати ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, тилларни қуйидагича гуруҳлаш мумкин.

Меъёрлаштирилган тиллар

Адабий тил меъёрига эга бўлган тиллардир. Бундай тилларга адабий шаклига эга бўлган барча тиллар киради. Адабий тил тарихий тараққиёт жараёнида такомиллашиб, ўзгариб боради.

Қадимий тиллар

Тилларнинг дастлабки тараққиёти даврида шаклланган, такомилига етган, энг қадимий маданий-маънавий ёдгорликлар яратилган тиллардир. Бу тиллар кейинги даврларда шаклланган бир қатор тиллар учун асос бўлиб хизмат қилган. Қадимий тиллар кишилик жамиятининг умумий тараққиёти учун катта аҳамият касб этган. Маълум даврда алоқа-муносабат воситаси сифатида мавжуд бўлиб, кейинги даврларда истеъмолдан чиқа борган. Натижада ўлик тилга айланган. Лотин тили қадимий тилнинг яққол намунасидир.

Маҳаллий тиллар

Кам сонли аҳолига хизмат қиладиган тиллардир. Маҳаллий тиллар ўз ёзувига эга эмас. Бундай тиллар фақат оғзаки шаклда мавжуд бўлиб, аҳолининг кундалик алоқа-муносабат эҳтиёжи учун хизмат қилади.

Креол тиллар

Европа мустамлакачиларининг африкаликлар, Шарқ мамлакатлари халқлари ва Америка ҳиндулари билан мулоқоти натижасида маҳаллий аҳоли тилларига Европа тиллари (франсуз инглиз португал) хусусиятларининг сингишидан ҳосил бўлган тиллардир. Масалан, Америкадаги Гаити ороли маҳаллий аҳолиси тилининг франсуз тили билан аралашуви натижасида гити-креол, Лотин Америкасидаги маҳаллий аҳоли тили билан испан тилининг аралашувидан испан-науатал креол тили ҳосил бўлган. Креол тилларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга. Уларда бирдан ортиқ тилнинг ўзига хос хусусиятлари яхлит ҳолда намоён бўлади.

Пижин тиллар

Ҳам Европа тиллари билан маҳаллий тилларнинг аралашувидан юзага келади. Лекин пижин тилларида сўзлашадиган жамият йўқ (креол тил жамият учун алоқа-муносабат воситаси сифатида хизмат қилади). Пижин тиллардан порт шаҳарларида иккинчи тил сифатида фойдаланилади.

Сунъий тиллар

Махсус яратилган халқаро тиллардир. Поляк олими Л. Заменгоф томонидан яратилган эсперанто тили сунъий тил ҳисобланади. Бу тилнинг луғавий асоси Европа тилларидан олинган, грамматикаси агглютинатив характерда, графикаси лотин ёзуви асосида. Бу тилда машҳур асарлар таржима қилинган. Радио эшиттиришлар ҳам ташкил қилинган. Бу тилнинг кейинги тақдири муайян давр билан боғлиқ. Социолингвистика тил ва жамият муносабатларини таҳлил қилар экан, умумий ва хусусий қонуниятларга таянади.[2]

Манбалар

  1. ↑ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005)
  2. ↑ Тилшуносликка Кириш 2007 Холманова З. Т.