Споралар (юн. спора — сочиш, сепиш, экиш, уруғ) — 1) замбуруғлар ва ўсимликларда кўпайиш учун хизмат қиладиган махсус ҳужайра. Замбуруғлар ва тубан ўсимликларда митоз (митоспоралар), юксак ўсимликларда меёз (меиоспоралар) бўлиниш натижасида вужудга келади. Ҳосил бўладиган жойига биноан, С. эндоспоралар ва экзоспораларга ажратилади. Тубан сув ўсимликлари С.и (зооспоралар)нинг ҳаракатланиш органи — хивчинлари бўлади. Қурукдикда ўсадиган юксак ўсимликларда С. хивчинсиз; қаттиқ қобиқ билан ўралган; шамол ёрдамида тарқалади. С. ўлчами 3—5 мкм дан 25—50 мкм, баъзан 200 мкм гача (ипсимон сувўтлар). С. овал, силиндрсимон, шарсимон, ипсимон ва бошқа шаклда; сирти ғадирбудур, ҳар хил ўсимталари бўлади. Сирти қобиқ билан ўралган С. 10 кундан 3—5 йилгача, баъзан 25 йилгача (қоракуя) ҳаётий хусусиятларини йўқотмайди.

Айрим замбуруғлар 1 сутка давомида 30 млн. спора ҳосил қилади. Буғдой донида 8 млн.дан 20 млн.гача, битта бошоғида 200 млн.гача спора ҳосил бўлади. Плаунлар С.и дан тиббиёт, металл қуйиш, тоғ жинслари ёшини аникдашда фойдаланилади; 2) бир ҳужайрали паразит ҳайвонларда қалин пуст билан қопланган бир ёки кўп ҳужайрали ҳосила. Тарқалиш ва ноқулай шароитдан ҳимоя килиш вазифасини бажаради; 3) бактериялар ва археобактерияларда тинч ҳолатдаги репродуктив ҳужайра. Ҳаёт сикли охирида вужудга келади. Кўпайиш ва ноқулай шароитдан ҳимоя қилиш вазифасини бажаради. Она ҳужайра ичида (эндоспора) биттадан ҳосил бўлади. Юқори ҳарорат, сувсизлик, радиация, эритувчилар ва бошқа ноқулай шароитларга чидамли. С. қулай муҳитга тушганида кўкариб чиқиб, янги вегетатив хужайра ҳосил қилади.