Стенобионтлар (юн. стенос — тор ва биос — яшовчи) — ташқи шароит омиллари ёки омиллар гуруҳи ўзгармайдиган доимий муҳитда яшовчи организмлар. Ҳароратга нисбатан стенобионтлик стенотерм, шурланишга нисбатан —стеногалин, гидростатик босимга нисбатан — стенобат дейилади. Стенобионтлик намликка, тупроқнинг кимёвий таркибига нисбатан ҳам бўлади. Муайян омилни кам миқдорда талаб киладиган ёки талаб килмайдиган организмларга нисбатан омил номига фоб қўшиб ишлатилади (мас, галофоб, калсефоб ва бошқалар). С.га фақат битга ҳайвон турида паразитлик қилувчи ёки симбиоз яшовчи, океаннинг муайян чуқурлиги билан боғланган, ғорда ва нам тропик ўрмонларда тарқалган организмлар киради. Бирданига бир неча омилларга нисбатан стенобионт организмлар ҳам бўлади. Масалан, тоғ дарёларида яшайдиган баликлар юқори ҳарорат ва кислород танқислигига, нам тропик ўрмонларда тарқалган ҳайвонлар ва ўсимликлар нам танқислиги ва пастки ҳароратга нисбатан С. бўлади. Стенобионтлик турнинг тарқалишини чеклаб туради. С.га қарамақарши жараён эврибионт дейилади.