Stepan Bogma
Степан Григоревич Богма (30.06.1902, ҳозирги Полтава вилояти Золотонош тумани Зоревка қишлоғи — 24.04.1981, Тошкент) — совет агроном-пахтакори, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (1952).
Биографияси
Маълумоти ўрта махсус, агроном — 1924-йилда Золотонош қишлоқ хўжалик техникумини тамомлаган.
1930-йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида яшаган. 1937-1941-йилларда Қумқўрғон туманидаги 13-сонли совхозда дала экинларини етиштирувчи вазифасидан тортиб агрономгача бўлган лавозимларда ишлаган.
30.10.1941-йилда Қизил Армия 585-пиёда полки, сапёрлар сафига чақирилган. 213-пиёда дивизияси 585-пиёда полкининг 1943-йил 3-сентабрдаги 016\н-сонли буйруғига асосан(фаол армия) Харков йўналишидаги ҳарбий ҳаракатлар пайтида қўмондонлик транспорт воситалари ва артиллерияларининг тўсиқсиз ўтишини таъминлаш вазифасини бажариб, қисқа вақт ичида иккита минавий магистрални тозалагани ҳамда кейинги ўринларда артиллерия пиёда қўшинлари фаолиятининг муваффақиятли ривожланишига қўшган ҳиссаси учун Степан Григоревич Богма „Ҳарбий хизматлари учун“ медали билан тақдирланган.
Чап қўли шикастланиши (оғир яраланиш) натижасида 1943-йилнинг ноябр ойидан 1944-йилнинг февралига қадар 2562-сонли эвакуация госпиталида даволанган.
26.9.1945-йилда демобилизация қилинган.
Урушдан кейинги йилларда „30 йил Бутуниттифоқ Ленинчи Коммунистик Ёшлар Иттифоқи (ВЛКСМ)“ совхозида яшаб фаолият юритган. 1945-йил 2-ноябрдан катта агроном, 1955-йил 9-мартдан 1964-йил 2-апрелгача (нафақага чиққунга қадар) ЎзССР Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги „30 йил ВЛКСМ“ совхозида директор лавозимида ишлаган.
Совхоз томонидан 1951-йилда жут уруғини йиғиш режасини 43,2 фоизга ортиғи билан бажаргани учун СССР Олий Совети Президиумининг 1952-йил 2-октабрдаги Фармонига асосан „Социалистик Меҳнат Қаҳрамони“ унвони, „Ўроқ ва болға“ олтин медали ҳамда „Ленин“ ордени билан тақдирланган.
Степан Григоревич Богма „Германия устидан қозонилган ғалаба учун“ (1946); „Улуғ Ватан урушидаги жасоратли меҳнати учун“ (1946); „Меҳнат жасорати учун“ (1947); „Шон-шараф белгиси“ (1957); Бутуниттифоқ қишлоқ хўжалиги кўргазмасининг кичик олтин медали (1957); „Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 20 йиллиги“ (1966); „Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 25 йиллиги“; „В. И. Ленин таваллудининг 100 йиллигини нишонлашдаги жасоратли меҳнати учун“ (1970); „Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 30 йиллиги“ (1979); „СССР Қуролли Кучлари 60 йиллиги“ (1979) каби қатор ордер ва медаллар билан мукофотланган.
1964-йилда олимга „Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган агроном“ фахрий унвони берилган.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети, Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши, Ўзбекистон ССР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Вазирлар Советининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган.
1953-йилдан КПСС аъзоси. КПСС ХХИИ қурултойи делегати (1961-йил октабр).
1981-йил 24-апрелда вафот этган. Тошкентдаги Боткин қабристонига дафн этилган.
Адабиётлар
• Ŭзбек Совет Ėнт︠с︡иклопедии︠а︡си, 1971, т. 2, стр. 304. • Энсиклопедия хлопководства, 1985, т.1, стр. 116.