Ступа (санскритча — чўққи) — асосан, думалоқ ёки тўртбурчак шаклда қурилиб, диний маросимларга мўлжалланган буддавий меъморий иншоот. Тарихий манбаларда қайд қилинишича, Будданинг жасади куйдирилиб, кули 8 бўлакка бўлиниб, махсус қурилган С.ларга қўйилган. Улар Ҳиндистоннинг 8 шаҳарида — Рожагрих, Вайсали, Капилавасту, Аллакап, Рамгарам, Ветхадип, Кушинагар ва Пиппаливан ш.ларида бор. Кейинчалик С.га ёдгорлик сифатида Будданинг муқаддас деб саналган аъзолари (сочи, тиши ва бошқалар) солинган қутичалар жойлаштирилган. С.ларнинг ичи бўшлиқ эмас, яхлит тош, оҳактош, хом ғишт, пахсадан тикланган, шакли минорасимон, қўнғироқсимон ёки шарсимон бўлади. 4—5 см дан бир неча м гача. Дунёдаги энг баланд С. Мянманинг Янгон шаҳридаги Шведагон (пойдевори 20 м, бал. 99 м) — меъморлик обидаси ҳисобланади. С.нинг атрофи ўралиб, 4 та дарвоза қурилган. Буддизм тарқалган мамлакатларда С.лар "дагоба", "субургон", "чортон", "пагода" деб номланган. Ўрта Осиё ҳудудидаги С.лар 1—ИВ асрларга оид бўлиб, асосан, жан. ҳудудда жойлашган. Ўзбекистондаги Зурмала минораси, Айритом, Крратепа, Фаёзтепа, Далварзинтепа қамда Ажинатепа (Тожикистон), Марв (Туркманистон) С.лари илмий ўрганилган. Баҳодир Турғунов.