Субсидия (лотинча: субсидиум — ёрдам, нафақа, қўллабқувватлаш) — давлат бюджети, маҳаллий бюджетлар маблағлари ёки махсус фондлардан жисмоний ва юридик шахсларга, маҳаллий органларга, бошқа давлатларга бериладиган пул маблағи ёки натурал шаклидаги ёрдам. Маблағлар кўринишидаги аниқ манзилли Субсидиялар бевосита, солиқ ёки бошқа имтиёзларни жорий этиш билвосита Субсидия деб аталади. Субсидия давлат томонидан қайтариб олмаслик шарти билан ажратилади. Субсидиялар иқтисодиётни диверсификациялаш (таркибан ўзгартириш), экспортимпортни мувозанатлаб туриш, фантехника янгиликларини ўзлаштиришни йўлга қўйиш, миллий саноатни ўстириш, айрим ҳудудларни ривожлантириш, конверсия ва бошқа мақсадларда ажратилади. Жаҳон бозоридаги нархни ушлаб туриш учун бозорга қўшимча товарларни чиқармаслик зарур бўлганда давлат ўз товарларини захирага ўтказиб турган фирмаларга Субсидия бериб, товарларни сақлаб туриш ҳаражатларини қоплайди. Давлатнинг иқтисодий дастурларида иштирок этадиган корхоналар ҳам Субсидия олади.[1]

Товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ва уларни реализасия қилишни молиялаштириш ёки бирга молиялаштириш ёхуд мақсадли ҳаражатларнинг ўрнини қисман қоплаш учун бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган пул маблағлари.