Суд ижрочиси (ЎзРда) - фукаролик ва хўжалик ишлари бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажрим ва бошқа қарорларини, жиноят ишлари бўйича ҳукм, қарор ва ажримларининг мулкий жазони ижро этиш, моддий қийматликларни ундиришга оид қисмларини, шунингдек, қонунда кўзда тутилган бошқа ҳолларда маъмурий идораларнинг қарор ва фармойишларини мажбурий равишда амалга оширувчи мансабдор шахс. Си., одатда, олий юридик ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга бўлиши талаб қилинади. Суд ижрочисини Адлия вазирлиги ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари лавозимига тайинлайди ва лавозимидан озод қилади. Си. томонидан қўйиладиган талаблар республика ҳудудидаги барча корхоналар, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмалари, мансабдор шахс ва фуқаролар учун мажбурийдир. Си. ижрони қарздорнинг турар жойида ёки унинг мулки турган жойда бажаради. Си. томонидан қарорларни мажбурий ижро эттириш учун қўлланиладиган чоралар жумласига қуйидагилар киради: қарздорнинг мулкини хатга олиш ва сотиш орқали ундиришни таъминлаш; қарздорнинг иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадларидан, бошқа шахсларда сақланаётган пул суммаси ёки мулкидан ундириш орқали ижро этиш; суд ҳал қилув қарорларида кўрсатилган предметларни қарздордан ундирувчига олиб бериш ва шу каби Си ўз вазифаларини бажараётганида "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни (2001-йил 29 август) га амал қилади.