Суд қарори (ЎзРда) — фуқаролик, хўжалик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд таркиби ёки судя чиқарадиган ҳуқуқий ҳужжат. Суд қарори қабул қилиш асослари ва қайта кўриш тартиблари процессуал қонунларда белгиланган. 1-инстансия суди жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукм, шунингдек, ажрим чиқаради, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича Суд қарори ҳал қилув қарори ёки ажрим тарзида бўлади. 2-инстансия судлари ажрим чиқаради. Апелляция инстансияси суди жиноят иши бўйича оқлов ҳукми чиқаришга ҳам ҳақли. Иш суд раёсатларида ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумида кўрилганда қарор чиқарилади. Жиноятларнинг олдини олиш ва уларни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича чиқариладиган Суд қарори хусусий ажрим деб номланади. Қандай номланишидан қатъи назар, Суд қарори барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир (Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 114-модда).