Суд тизими — муайян давлатдаги барча судларнинг йиғиндиси; улар умумий вазифани бажаради, одил судловни амалга оширишга доир муносабатлар билан ўзаро боғланган бўлади. Суд тизими бўғинларининг ҳар қайсиси ваколатлари бир хилда бўлган судлардан ташкил топади. Ўзбекистон Республикасида суд тизими қуйидаги судлардан ташкил топган: Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди; Ўзбекистон Республикаси Олий суди; Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари; фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари; фуқаролик ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари; жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари; ҳарбий судлар; (Ўзбекистон Республикасининг „Судлар тўғрисида“ги қонунининг 1-моддаси). Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига қараб судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкин. Суд — одил судловни амалга оширишга ҳақли бўлган бирдан — бир давлат ҳокимияти органи.

Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 130-модда)[1].

Ўзбекистон Республикасида суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади. Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 131-модда).

Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга фақат қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 137-модда).

Манбалар