Суэлли канали — Қорақалпоғистон Республикасидаги йирик магистрал канал. Амударёнинг қадимда Суэлли деб аталган йирик ирмоғи ўрнида қурилган. Тахиатош гидроузелидан 300 м узунликдаги сув узатиш канали орқали сув олади. Сув узатиш каналининг бош қисмида 110 м узунликда (тубининг кенглиги 51 м) сувдаги оқизиклар чўкадиган тиндиргич қурилган. Умумий уз. 128 км. Энг кўп сув ўтказиш имконияти 133 м³/сек, 42–55 км да 115 м³/сек, канал тубининг кенглиги 16–22 м, чуқ. 2,5–5 м.

Дарёда сув камайган баҳор ойларида сув олишни яхшилаш мақсадида канал бошида 54 м³/сек сув оладиган Файт (1962), 66 м³/сек сув оладиган Бекёб (1965) насос ст-ялари курилган. Каналда бош сув олиш иншоотидан ташқари 4 та гидроузел бор. Шунингдек, каналда 8 та кўприк, 3 та акведук, 30 та турли насос қурилмалари мавжуд. Суэлли канали тизими Шуманай, Хўжайли, Қўнғирот туманларидаги 102 минг га дан ортик, ерларни сув билан таъминлайди.