Сулаймон Александрович Юдаков (1916-йил 14-апрел, Қўқон — 1990-йил 5-ноябр, Тошкент) — композитор. Ўзбекистон халқ артисти (1976). 1944-йилда Тожикистон ССР мадҳиясининг куйини басталаган. Ҳозир Сулаймон Юдаков томонидан яратилган ушбу куй Тожикистоннинг замонавий мадҳиясининг асосини ташкил этади.

Сулаймон Юдаков
Файл:Сулаймон Юдаков.жпг
Таваллуди
Вафоти Тошкент, ЎзССР
Касби Композитор
Унвони „Шон-шараф белгиси“ ордени, Ўзбекистон ССР халқ артисти

Таржимаи ҳоли

Сулаймон Юдаков 1916-йил 14-апрелда Қўқон шаҳрида бухоролик яҳудийлар оиласида дунёга келган. Ўн икки ёшида ота-онасидан етим қолган ва Қўқон болалар уйида тарбияланган. Болалар уйида Сулаймон Юдаков мусиқа бўйича ўзининг биринчи тизимли тадқиқотларини бошлаган: нота ёзувлари сабоқларини, балалайка, мандолин, гитара, пуфлама чолғу асбобларини чалишни ўрганган. Унинг биринчи мусиқа ўқитувчиси Михаил Генрихович Найгоф бўлган.

Сулаймон Юдаков 1932-йили П. И. Чайковский номидаги Москва консерваториясининг мусиқа факултетида флейта синфида ўқишни бошлаган. 1939-йил — Р. М. Глиэр синфида консерваториянинг композиция бўлими талабаси бўлган. 1941-йили уруш бошланиши билан бастакор Сулаймон ўқишни тўхтатиб, Тошкентга қайтиб келган.

Москва консерваториясида таълим олган (1934—1941). 1941-йилдан Тошкентга қайтиб асосан ижод билан шуғулланган. 1943—1944-йиллари Тожикистон филармонияси бадиий раҳбари бўлган. Унинг асарлари ўзбек (ва тожик) халқ куйлари ҳамда замонавий оҳанг ва усуллар уйғунлиги, жанр жиҳатидан хилмахиллиги, ёрқин ва ҳаётбахш куйлари билан ажралиб туради.

Касбий ва ижодий фаолияти

Сулаймон Юдаков 1944-йилда Тожикистон ССР мадҳиясининг куйини ёзган. Кейинчалик у ёзган куй Тожикистоннинг замонавий мадҳиясининг асосини ташкил этди. 1945-йили „Фарзанд“ мусиқали драмасини ёзади. Урушдан кейин (1940-йилларнинг иккинчи ярми) у кўплаб асарлар яратган: Скрипка ва пианинода чалиш учун „Шарқ шеъри“, „Скрипка, виолончел ва пианино учун фантазия“, Иккита фортепианинода чалиш учун мўлжалланган „Рақс Сюитаси“. Сюита композицияси уч қисмдан иборат: „Хоразм байрами юриши“, „Озарбайжон лирик рақси“, „Фарғона рақси“.

Сулаймон Юдаков 1958-йилда „Майсаранинг иши“ номли биринчи ўзбек ҳажвий операсини ёзган. Опера 1959-йилда А.Навоий номидаги таэтрда саҳналаштирилган. Опера катта муваффақиятга эришган. У 9 ​​тилга таржима қилинган ва Тошкент, Самарқанд ҳамда кўплаб яқин ва узоқ хориж мамлакатларининг (Москва „Рим“ театрида — 1960-йилда, Полшанинг Лодз шаҳрида — 1975-йилда, шунингдек, Ашхобод, Душанба, Бишкек, Уфада) театрларида саҳналаштирилган, симфоник асарлари кўп оркестрлар репертуаридан ўрин олган. Сулаймон Юдаков 1967-йилда биринчи ўзбек ҳажвий балетини „Насриддин ёшлиги“ни яратган.

Сулаймон Юдаков — опера, балет („Жонли аланга“), кантаталар („Менинг Ватаним“, „Муборакбод“, „Алёр“ ва бошқалар), 6 қисмли „Мирзачўл“ вокалсимфоник сюита, вокал-симфоник поэмалар, қўшиқлар, романслар, („Куйлама соҳибжамол“, „Басандас“ ва бошқалар), камер чолғу асарлар (мас, „Шарқ поэмаси“ ва бошқалар), драматик спектакллар, кинофилмларга куй басталаган ва бошқалар асарлар муаллифи бўлган.

Сулаймон Юдаковнинг қўшиқдаридан „Дугоналар“, „Давра қўшиғи“, „Жон Ўзбекистон“, „Карнавал валси“ ва бошқалар оммалашган. Давлат мукофоти (1951), Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1977) лауреати[1] бўлган.

Вафоти

Сулаймон Юдаков 1990-йил 5-ноябрда вафот этган. Тошкентда, Бухоро-яҳудий қабристонига дафн этилган[2].

Хотираси

2008-йил декабр ойи бошида Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси кўмагида Й. Ғуломова кўчаси, 69-уйда жойлашган Ўзбекистон Бастакорлар уйида Сулаймон Юдаков уй-музейи[3] ташриф буюрувчилар учун очилган. Музейнинг асосий вазифалари маданият ва санъат соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, илмий анжуманлар, қўшиқ ва консертлар ўтказиш, ахборот материаллари, илмий монографиялар, китоблар, албомлар нашр этиш, видео ва аудио материаллар, дисклар тайёрлашдан иборат.

Адабиётлар

  • Плунгян В., С. Юдаков, Т., 1979; Сулаймон Юдаков в воспоминаниях современников (авторсоставител В.Плунгян), Т., 2003.

Сулаймон Юдоков

Ҳаволалар



  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ „Место захоронения“. 2022-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 11-июн.
  3. ↑ „В Узбекистане открыли дом-музей классика узбекской музыки Сулеймана Юдакова“. регнум.ру. Қаралди: 2020-йил 27-август.