Сулфаниламидлар - сулфанил кислотасининг кимёвий ҳосилалари, С.нинг (стрептоцид) антибактериал хоссасини биринчи бўлиб 1935-йил немис патологи ва микробиологи Г. Домагк аниқлаб, амалий тиббиётга киритди.

Қуйидаги гурухларга бўлинади: қисқа муддат таъсир этувчи С. — стрептоцид, норсулфазол, этазол, сулфадемизин ва бошқа; узоқ вақт таъсир этувчи С. — сулфодиметоксин, сулфопиридазин, сулфален ва бошқа; маҳаллий қўлланиладиган С. — сулфаленнатрий ва бошқа

С.нинг таъсир механизми улар тузилишининг парааминобензой кислотасига (ПАБК) ўхшашлиги билан боглик. ПАБК кўпгина микроорганизмлар синтез қиладиган дигидрофол кислотаси таркибига киради. Кимёвий тузилишининг ўхшашлиги ҳисобига С. ПАБКни дигидрофол кислотаси таркибига киришига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, улар дигидроптероацинтетаза ферментининг фаоллигини сусайтиради. Дигидрофол кислотаси синтезининг бузилиши, ундан тетрагидрофол кислотасининг ҳосил бўлишини камайтиради, натижада нуклеин кислоталарининг синтези бузилади ва микроорганизмларнинг ўсиши ва кўпайиши тўхтайди, яъни С. бактериостатик таъсир кўрсатади. Одам ва ҳайвонлар тўқималарида бундай ҳолат юзага келмайди, чунки улар организмида тайёр дигидрофол кислотаси бўлади.

С. тиббиётда патоген микроорганизмларга қарши восита сифатида қўлланади. С. меъдаичак йўлидан яхши сўрилади, ҳамма тўқималарга тарқалади. Жигарда унинг метаболитлари ҳосил бўлади. Организмдан буйрак орқали чиқарилади.

С.ни бошқа антимикроб дори воситалари билан бирга қўллаш мумкин.

С. узоқ вақт қўлланса, уларга нисбатан микроорганизмларга чидамлилик юзага келади. Улар одам организмининг ҳар хил тизимларига ножўя таъсир кўрсатиши мумкин, шу билан бирга уларга қарши аллергик реаксиялар ҳам ривожланади. Шунинг учун С.ни фақат шифокор маслаҳати билан қўллаш лозим.