Султон Маҳмудхон (Офоқхон) (1463 ёки 1464 – 1508) – Мўғулистон хони (1487 – 1508). Чиғатой хонларидан. Шажараси Султон Маҳмудхон ибн Юнусхон ибн Увайсхон ибн Шерали ибн Муҳаммадхон ибн Хизр Хўжахон ибн Туғлуқ Темур ибн Эсан Бўға ибн Дўвахон ибн Есун Тува ибн Мўтугон ибн Чиғатой ибн Чингизхон, онаси – Шоҳбегим, Бадахшон шоҳи Шоҳ Султон Муҳаммаднинг қизи. Бобурнинг бобоси Юнусхон 1487-йил отаси вафот этгач тахтга Султон Маҳмухон. Бундан хабар топган Умаршайх Мирзо Фарғона томондан, Султон Аҳмад Мирзо Самарқанд томондан Султон Маҳмудхонга қарши чиққан. Умаршайх Мирзо қўшини Тошкент яқинидаги мустаҳкам Аштар қалъасини қамал этган. Султон Маҳмудхон қўшинга бош бўлиб мудофаага раҳбарлик қилган ва жангда ғолиб чиққан. 1488-йил Султон Аҳмад Мирзо қўшини устидан Чир (Чирчиқ) дарёси бўйида ғалаба қозонган. Натижада Султон Маҳмудхоннинг обрўси, кучқудрати ошган.

Султон Маҳмудхон
Мўғулистон хони
Мансаб даври
1487 – 1508
Ўтмишдоши Юнусхон
Вориси Мансурхон
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1463 ёки 1464
Мўғулистон
Вафоти 1508
Отаси Юнусхон
Дини Ислом

Мўғулистоннинг шарқий қисмига укаси Султон Аҳмадхон (Олачахон), Ғарбий қисмига ўзи бош бўлиб, қароргоҳи – Тошкент шаҳрида жойлашган. 1493-йил Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Аҳмад Мирзонинг катта қизи Робия Султон бегим (Қоракўз бегим)га уйланган. Самарқанд ва унинг атрофида Султон Маҳмудхонни Хоникахон деб аташган. Султон Маҳмудхон доимо қўшни давлатларнинг ишларига аралашган. Султон Аҳмад Мирзо вафотидан сўнг Султон Маҳмудхон Самарқанд тахтини эгаллаш учун юриш қилган, бироқ 1495-йил Канбой яқинида Маҳмуд Мирзо томонидан мағлубиятга учраган. Султон Маҳмудхонни Фарғонага юриш қилиши эҳтимолидан хавфсираган Бобур унинг олий ҳокимиятини тан олган. 1498-йил 5 минг кишилик қўшин билан Самарқандга юриш қилган, бироқ шимолдан Шайбонийхон қўшинлари Мовароуннаҳрга келаётганидан хабар топгач, чекинишга мажбур бўлган. У темурийларга қарши курашда Шайбонийхонни ўзига иттифоқчи қилиш мақсадида унга Ўтрор шаҳрини берган. Шайбонийхон CМ. ёрдамида Самарқанд, Бухорони қўлга олган. Шайбонийхоннинг кучайиб кетишидан хавфсираган Султон Маҳмудхон темурийларни қўллаб қувватлай бошлаган.

Бобурга Самарқандни эгаллашида ҳарбий ёрдам берган. Бобур унинг саройида, Тошкентда маълум муддат яшаган (1501—02). 1503-йил Султон Маҳмудхон ва укаси Султон Аҳмадхонларнинг бирлашган қўшини Архиён қалъаси (Фарғона) яқинвда Шайбонийхон қўшини томонидан тормор келтирилган, ака-укалар асир тушган. Султон Маҳмудхоннинг Тошкентга вақтинчалик ҳоким қилиб қолдирилган ўғли Султон Муҳаммад шаҳарни ташлаб қочган. Шайбонийхон Тошкентни эгаллаб, уни амакиси Суюнчхўжахонга берган. Султон Маҳмудхон ва укасига шафқат қилиб қўйиб юборган. Улар Мўгулистонга кетишган, бир оздан сўнг Султон Аҳмадхон вафот этган. Тахт учун курашда Султон Маҳмудхон ёлғизланиб, анча қийинчиликларга дуч келган. У кўмак истаб Шайбонийхон хузурига келган. Бироқ Шайбонийхон Султон Маҳмудхонни фарзандлари билан бирга Хўжанд дарёси бўйида қатл эттирган.

Адабиёт

  • Бабурнаме, Т., 1993; Материалў по истории казахских ханств ХВ—ХВИИ вв., АлмаАта, 1969; Мирзо Муҳаммад Хайдар, Тарихи Рашиди, Т., 1996.
  • Юлдузли тунлар., 1978; Роман; Пиримқул Қодиров