Sulton Matqul
| Султон Матқул | |
|---|---|
| Фуқаролиги |
|
| Таълими | олий |
| Касби | электр муҳандиси |
| Фаолият йиллари | 1922—1938 |
| Турмуш ўртоғи | Бася Овсеевна Райбман |
| Болалари | Алмира Матқул |
| Қариндошлари | сингиллари: Башорат Матқулова, Назокат Эгамбердиева, Марҳамат Шокирова |
Султон Матқул (1902—1938) — ўзбекистонлик малакали электр муҳандиси, Ўзбекистон Фанлар Коммитети раисининг ўринбосари, муҳаррир. Қатағон қурбонларидан бири.
Биографияси
1902-йил 15-декабрда ишбилармон Матқул Алибековнинг оиласида дунёга келган. Султон Матқул Тошкентдаги „Кўмак“ номли миллий жамиятнинг ёрдами билан, мазкур уюшманинг раҳбарларидан бири бўлган Эшонхўжаев бошчилигида 1922-йил туркистонлик ва бухоролик бошқа 7 нафар йигит-қизлар қаторида Германияга ўқиш учун юборилди. С. Матқул 1922-йилдан то 1930-йилгача Германияда истиқомат қилиб, Берлин шаҳридаги олий техника мактабини электротехника соҳаси бўйича таҳсил олади ва олийгоҳни 1930-йилнинг бошида тамомлайди[1].
Фаолияти
У 1917-йил октябр ойидаги тўнтаришлардан сўнг 1919—1920-йилларда Хўжанддаги ҳарбий қўшин таркибида отлиқ аскар сифатида хизмат қилган. 1920-йилда армия хизматидан озод этилган. 1922—1930-йилларда Германияда олийгоҳда таҳсил олиб, тамомлагач, Берлин университетининг кимё факултетида таълим олувчи Бася Овсеевна Райбман исмли қиз билан танишиб қолади. Иккиси ҳам ўқишларини тамомлагач турмуш қуришади. 1931-йилда Султон Матқул аёли Бася Райбман ва ўзи билан Берлин олий техника мактабини электротехника соҳаси бўйича тамомлаган тошкентлик дўсти Тўлаган Мўмин билан бирга Германиядан СССРга қайтади. Шундан сўнг, Султон Тошкентга қайтиб келиб, у ерда аввал, Ўзбекистон электрлаштириш бошқармасида бош муҳандис бўлиб фаолият юритади. Тошкентдаги мазкур ўзининг соҳаси бўйича республикада электротехника тармоқларини ривожлантириш, электр қувватидан саноат обектларида рационал фойдаланиш ҳамда электр тизимини замонавий илм асосида бошқариш ишига раҳбарлик қилади. 1930-йилнинг иккинчи ярмига келиб, Ўзбекистон Фанлар Коммитети раисининг ўринбосари вазифасида фаолият кўрсата бошлайди. У Фан Коммитети органи бўлган „Социалистик фан ва техника“ журналининг муҳаррири сифатида хизмат қилади[2].
Ўлими
Султон Матқул 1937-йил 13-август куни ҳибсга олинади. Бир ярим йилдан кўпроқ муддат қамоқда сақланади ва 1938-йилда асоссиз айбловлар билан отишга ҳукм этилади. Ҳукм ўқилган кунини ўзидаёқ амалга оширилади. 1956-йил 17-ноябрда унинг аёли Бася Матқулованинг аризаси асосида, СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясида Султон Матқул иши қайта кўриб чиқилади ва унда 1938-йил 9-октябр куни қўйилган сиёсий айблов асоссиз бўлганлиги, ишни қайта кўриб чиқиш даврида унинг фаолиятида жиноий иш топилмаганлиги ва шу сабабли унга қўйилган айб олиб ташланиб, Султон Матқул оқланганлиги ҳақида қисагина ажрим чиқарилади.
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ Ирзаев, Баҳром „Германия таълимини олгач отилган ёш жадид – энергетика мутахассиси ва дипломат Султон Матқул“. ббc.cом. Қаралди: 2024-йил 4-май.
- ↑ Турдиев, Шерали. Улар Германияда ўқиган эдилар, 1-нашр, Тошкент: Академ - Хизмат босмахонаси, 03.04.2006 — 258-бет.
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |