Султон Сайдалин — давлат ва жамоат арбоби. Султон Сайдалин 1889-йил Алматида таваллуд топган. Унинг асл исми Саййид Султон Саййид ўғли. Отаси Саййид Али Саййид Маҳмуд ўғли Алматидан Қўқон уезди Конибодом қишлоғига кўчиб келади ва ўзининг 4 таноб ерида боғдорчилик билан шуғулланади. Султон Сайдалин 1904-йилгача эски мактабда таҳсил олади. Кейинчалик у рус-тузем мактабида ўқийди. 1905-йил у Алмати шаҳрида А. Т. Чернихнинг нотариал идорасида югурдак сифатида ишлайди. Бу ерда у рус тилини ўрганади, идорада таржимон сифатида ҳам фаолият кўрсата бошлайди. Султон Сайдалин 1908—1909-йилларда Авлиёотада Саййид Вали Тўраев деган чорвадор бойнинг савдо идорасида бошқарувчи сифатида ишга киради. У Тошкентга кўчиб келиб, 1909—1914-йилларда мингбоши Саййид Маҳмуд Муҳиддиновга котиб бўлиб ишга киради. 1913-йилда ҳатто бир муддат Тошкент шаҳар полиция бошлиғининг таржимони ўрнида ҳам иш олиб боради. 1917-йил Туркистон тараққийпарварлар топшириғи билан Султон Сайдалин Хитойнинг Харбин шаҳрига йўл олади. Харбинда икки ой бўлади ва укаси истиқомат қилаётган Конибодомга йўл олади[1]. 1923—1924-йилларда Фарғона вилоятида компартия қўмитаси котиби Султон Сегизбоев томонидан Султон Сайдалин вилоят бўлими раҳбари лавозимига тайинланади. 1923-йил майдан „Фарғона“ газетасининг мас’ул муҳаррири сифатида ишлайди. Султон Сайдалин 1927-йилгача Фарғона вилояти молия бўлими раҳбари вазифасида ишлайди. Султон Сайдалиев 1927—1930-йиллар давомида Қўқонда селхозник бошқарувчиси лавозимида фаолият кўрсатади. У фаолияти давомида 1930—1931-йилларда Тожикистон ССР Коммунал банк бошқарувчиси, 1931—1932-йиллар ер ишлари халқ комиссари ўринбосари, 1932—1933-йиллар Сталинобод соззембанкк бошқаруви раиси бўлиб ишлаган. У 1943-йил Тошкент яқинидаги Чирчиқ лагерида вафот этади[2].

Султон Сайдалин
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1889-йил
Алмати
Вафоти 1943-йил


Манбалар

  1. ↑ Ирзаев Б. Қўқон тарихидан лавҳалар. Тошкент: „Академнашр“, 2020 — 240-бет. 
  2. ↑ Ҳасанов Б. Тарихнинг номаълум саҳифалари ВИИИ қисм. Тошкент: „Академнашр“, 2019 — 400-бет.