Султонҳовуз - Мирзачўлдаги оқмас кўл. Сирдарёнинг чап соҳилида. Дарёнинг кўҳна қайири (террасаси)да жойлашган, яримой шаклида. Унинг шарқий соҳили анча ётиқ ва қайирга астасекин туташиб кетади, қолган соғиллари эса лёссдан иборат, нисбатан баланд (бал. 20 м дан ортиқ). Кўлнинг уз. 5 км, эни 1—2 км, чуқурлиги ўртача 1—3 м. Сирдарёнинг қад. қолдиқ ўзани. Кўл атрофидан сизиб келадиган шўр ер ости суви ва партов сув ҳисобига тўйинади. Баҳор ва ёзда тўлиб, кузда анча саёзланади. Суви шўрроқ, 1 л сувда 5—8 г туз бор (асосан, гидрокарбонацулфат тузлари); баъзан сув кам бўлган вақтларда кучли буғланиш натижасида сувда хлорид тузлари тўпланади. Шунинг учун ҳам кўл қирғоқлари ботқокли шўрхокдан иборат. Юзаси қамиш ва қўғалар билан қопланган. Кўлда ондатра ва нутрия боқилади.