Sumama ibn Usal
Сумама ибн Усал (арабча: ثمامة بن أثال) — Бану Ҳанифа қабиласи етакчиси ва Ал-Ямома ҳукмдорларидан бири. Қур’он пайдо бўлишидан аввалги даврда энг қудратли араб ҳукмдорларидан бири бўлган. 628-йилда ислом пайғамбари Муҳаммад Арабистон ярим ороли ва унга туташ ҳудудлардаги саккиз ҳукмдорга исломга даъват этувчи мактублар юборган, улардан бири Сумамага ҳам йўлланган эди.
Сумама Муҳаммад пайғамбарнинг унга йўллаган мактубидан ғазабга тўлган ва унинг жонига қасд қилишга қарор қилган. Бироқ амакиларидан бири уни бу ниятидан қайтарган. Сумама ўзининг бу режасидан воз кечган бўлса ҳам саҳобалардан аламини олиш учун уларнинг бир гуруҳини ўлдирган. Орадан кўп ўтмай, Сумама Каъбани тавоф қилиб, бутлар учун қурбонлик қилиш ниятида Маккага жўнаган. Ал-Ямомадан йўлга чиққан Сумама Мадина атрофида қўриқчилик қилаётган мусулмонлар гуруҳи томонидан қўлга олинган. Улар Сумаманинг кимлигини билмай уни масжиддаги устунлардан бирига боғлаб қўйишган ва унинг тақдирини Муҳаммад пайғамбарнинг ўзи ҳал қилишини кутишган. Муҳаммад пайғамбар Сумамага яқинлашиб, уни исломни қабул қилишга ундаган, бироқ Сумама буни рад этгач, пайғамбар уни озод қилишга рухсат берган. Сумама отига миниб, Мадина чеккасидаги ал-Бақи яқинида жойлашган хурмо боғига етиб борган. У ерда туясига сув берган ва ўзи ҳам ювиниб покланиб олган. Шундан кейин орқага Муҳаммад пайғамбарнинг олдига масжидга қайтган ва ҳамманинг олдида исломни қабул қилганини эълон қилган. Шу билан бирга, ўзини ҳам, ўзининг қавмини ҳам Муҳаммад пайғамбарнинг хизматига бағишлаган.
Шу тариқа Сумама талбия айтиб Маккага кирган биринчи мусулмон бўлган. Қурайшликлар унинг овозини эшитиб, ўзларининг муқаддас ҳудудларига кирган бу мусулмонни жазолаш учун отланган. Улардан бири қаттиқ ғазабланиб, Сумамага ўқ узиб, уни ўлдирмоқчи ҳам бўлган. Шунда бошқалар уни ушлаб қолган ва шундай деган: „Ҳолингга вой! Унинг кимлигини биласанми? Бу Ал-Ямома ҳукмдори Сумама ибн Усалдир! Худога қасамки, агар сен унга озор етказсанг, унинг қавми бизга келувчи озиқ-овқат таъминотини тўхтатиб қўяди ва бу нарса биз учун оғир оқибатларга олиб келади!“
Сумама Умра зиёратини тугатиб, Муҳаммад пайғамбар эътиқод қилувчи динга эргашишини эълон қилган. Сўнг юртига қайтиб, халқига Қурайш учун озиқ-овқат таъминотини юборишни тўхтатишни буюрган. Унинг иқтисодий қамали аста-секин ўз таъсирини кўрсата бошлаган, нархлар ошиб, кўпчилик очарчиликка дуч келган. Шунда Қурайш вакиллари пайғамбар Муҳаммадга мактуб ёзиб, ундан Сумамага бу қамални бекор қилишни буюришини сўраган, чунки бу иш Ҳудайбия сулҳини бузаётган эди. Муҳаммад пайғамбар Сумамага қамални тўхтатишини айтган ва Сумама бу буйруққа бўйсунган.
632-йилда Муҳаммад пайғамбар вафот этгач, Мусайлама Бану Ҳанифани ўзини пайғамбар деб тан олишга чақира бошлаган. Сумама унга қарши чиқиб, қолган барча исломни қабул қилган кишиларни ҳам ўз атрофига тўплаган ва муртадларга қарши жиҳод эълон қилган. Бану Ҳанифа қабиласидаги содиқ мусулмонлар Мусайлама қўшинларига қарши туриш учун қўшимча ёрдамга муҳтож эдилар. Уларнинг бу оғир вазифаси Абу Бакр юборган қўшинлар ёрдамида якунига етказилган, бироқ бунинг эвазига кўплаб мусулмонларнинг жони қурбон бўлган.
627-йилги мусулмон юриши ва исломни қабул қилиши
Бошқа бир манбага кўра, Муҳаммад ибн Маслама бошчилигида 30 нафар мусулмондан иборат бўлинмага[1] ҳарбий топшириқ юклатилган. Улар Бану Бакр уруғи яшайдиган жой томон йўл олган. Мусулмонлар уруғга ҳужум қилиб, уларни ҳар томонга тарқатиб юборган. Мусулмонлар ҳарбий ўлжани қўлга киритиб, Бану Ҳанифа қабиласи бошлиғи Сумама ибн Усал ал-Ҳанафийни асир олиб қайтган[2].
Муҳаммад пайғамбарнинг саҳобалари Сумамани масжид устунига боғлаб қўйган. Пайғамбар ҳар сафар ундан сени нима қилишимни сўрайсан дея сўраганда Сумама шундай жавоб берган: „Агар сен кимнидир ўлдирмоқчи бўлсанг, бунинг учун асл насабли кишини танла. Агар марҳамат кўрсатмоқчи бўлсанг, буни қадрига етадиган кишига кўрсат. Агар мол-дунё сўрамоқчи бўлсанг, сахий инсондан сўра“. У бу сўзларни уч кун давомида уч марта такрорлаган. Учинчи сафар Муҳаммад пайғамбар уни озод қилишни буюрган. Шундан кейин Сумама исломни қабул қилган[2].
Яна қаранг
- Ямома жанги (632-йил)
Манбалар
- ↑ Табари, Ал (2008), Тҳе фоундатион оф тҳе cоммунитй, Стате Университй оф Неw Ёрк Пресс, 119-бет, ИСБН 978-0-88706-344-2
- ↑ 2,0 2,1 Мубаракпури, Саифур Раҳман Ал (2005), Тҳе Сеалед Неcтар, Даруссалам Публиcатионс, 204-бет, ИСБН 9798694145923