Суннатулла Анорбоев (9-сентябр 1922-йил — 30-март 2003-йил) — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1973). Тошкент педагогика институтини тугатган (1946). Биринчи китоби — „Ҳикоялар“ (1957). „Оқсой шалолалари“ (1958), „Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари“ (1962), „Меҳр“ (1964), „Умр“ (1972), „Қиссалар“ (1974), „Олтин қозиқ“ (1976), „Сузиб борар архарлар“ (1982) каби қиссалар тўплами нашр этилган. „Гўзаллик излаб“ (1960), „Хайр, боғчажон, боғча!“ (1962), „Ҳамсухбатлар“ (1969), „Йўлда йўлдош бўлганлар“, „Устоз ва шогирдлар“ (1970), „Парвоз“ (1973), „Яхшилик уруғи“ (1986), „Яйлов гурунглари“ (1988), „Анқов“ (1999), „Сайланма“ (1986, 2 жилдли) сингари очерклар ва ҳикоялар тўпламлари муаллифи. „Оқсой“ (1961), „Сайли“ (1979) романлари рус тили ва бошқа тилларга таржима қилинган.[манба керак]

Унинг асарларида одамларнинг чорвачилик ва овчилик ҳаёт тарзи кўп ифодаланган, шу билан бирга, у турли ёрқин тимсоллардан фойдаланган — унинг қаҳрамонлари бетакрор ва ўзига хосдир. Шунингдек, у инсонларни табиат бойликларини сақлашга чорлаган.

„Оқсой“, „Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари“, „Сулаймон овчи ва унинг ити ҳақида“, „Мусича билан қалдирғоч қиссаси“, „Сузиб борар архарлар“ — ушбу барча асарлар инсонларнинг кўчманчи ва чўпонлик ҳаёт тарзи ҳақида сўзлайди.

Унинг „Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари“ ҳикояси кўп маротаба нашрдан чиққан ва болалар орасида катта шуҳрат қозонган. Ҳикоя қаҳрамонлари Тўрткўз, Олапар ва Кўппак одам тилини тушунади. Тўрткўздан фарқли жиҳати, Кўппак меҳрсиз ва ҳудбин, шунинг учун Кўппак китобхонда ёқимсиз турли салбий сифатларни намоён этади, Тўрткўз эса ҳавас ҳиссини уйғотади. Тўрткўз онаси Олапарга ўз подасини бўрилардан ҳимоя қилишда ёрдам беради. Тўрткўзга хос фазилатлардан яна бири мақтанишни билмаслигидир. Қоравойнинг дўстлари уни энг зўр бўрибосар, жасур, довюрак ва кучли дея олқишлаганларида ҳам мағрурланиб кетмайди.

Суннатилла Анорбоев нафақат ҳаёт ва табиат ҳақида, балки „Баҳс“ ва „Қўрқоқ“ ҳикояларини ҳам ёзган бўлиб, улар бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш китобига киритилган. Ёзувчи 2003-йил 30-мартда Тошкент шаҳрида вафот этган. „Эл-юрт ҳурмати“ ордени билан тақдирланган (1999).[манба керак]

Манбалар