Супрематизм (лот. супремус — энг юқори, олий) — ХХ аср бошларида шаклланган авангард санъат йўналиши. Абстракт санъат тури сифатида асарлари тасвирийликдан ҳоли, турли ранг ва турли ҳажмдаги содда ҳандасий шакллар (тўртбурчак, учбурчак, йўлсимон чизиқ ва бошқалар)нинг асимметрик уйғунлашувидан ҳосил бўлади. Асосчиси К.С.Малевич; В. Кандинский, П. Сезанн таъсирида хандасий абстракт изланишларни бирлаштиришга ҳаракат қилди ("Қора квадрат", "Динамик супрематизм", 1914 ва бошқалар). С. вакиллари асимметрик композицияларда рангли, ҳандасий шаклларнинг тартиби ва жойлашуви орқали асарларнинг ички ҳаракатини кўрсатишга интилди.