Surunkali xolesistit
Сурункали холесистит – ўт пуфагининг сурункали яллиғланиши ҳисобланиб, ўткир холесиститдан кейин ёки мустақил равишда секин-аста ривожланади ва ўт чиқариш йўлларининг мотор-эвакуатор бузилишлари билан кечади.
Этиологияси ва патогенези
Касалликнинг асосий сабаби инфексиялар ҳисобланиб, уни шартли патоген микроблар ва ичак таёқчаси, стафилококклар, ламблиялар ва бошқа микроорганизмлар чақиради. Инфексия таъсири остида ўт кислотаси литохол кислотасига айланади ва меъёрида бу жараён ичакларда содир бўлади. Литохол кислотаси шикастловчи таъсирга эга бўлиб, ўт пуфаги деворида яллиғланиш жараёнларини чақиради. Холесистит[1] ламинг келиб чиқишида дисхолия, яъни ўтнинг физик ва кимёвий хусусиятларининг ўзгариши муҳим аҳамиятга эга. Одатда, ўт кислоталари ва унинг тузлари (холатлар) холестеринга нисбатан 2:1 нисбатда бўлади. Холестерин миқдори ошиб бориб 10:1 нисбатга етгандан сўнг у чўкмага туша бошлайди ва тошлар ҳосил бўлишига олиб келади. Оқибатда ўт пуфагида ўтнинг димланиши кузатилиб, иккиламчи холесистит ривожланади. Юқоридагилардан ташқари холесиститларнинг ривожланишида алиментар омил этакчи рол ўйнайди. Тартибсиз овқатланиш, улар орасидаги интервалламинг узоқ бўлиши, мунтазам равишда юқори калорияли таомлар истеъмол қилиш Одди сфинктерининг спазмига ва ўт димланишига сабаб бўлади ва холесиститни келтириб чиқаради.
Таснифи
Кечиши бо ʻйича:
- Енгил – (авж олишлар йилда 1—2 марта);
- Ўрта оғирликда – (авж олишлар йилда 3 ва ундан кўп);
- Оғир – (авж олишлар ойда 3 ва ундан кўп).
Жараённинг босқичлари бўйича:
- Авж олиш;
- Сўнаётган авж олиш;
- Ремиссиялар.
Ўт пуфаги ва ўт йўлларининг функсионал ҳолати бўйича:
- Ўт пуфаги ва ўт чиқариш йўлларининг гиперкинетик дискинезияси;
- Ўт пуфаги ва ўт чиқариш йўлларининг гипокинетик дискинезияси;
- Ўт чиқариш йўллари дискинезияларисиз;
- „Ишламаётган“ ўт пуфаги.
Клиник манзараси
Беморлар қовурилган, ёғли ва кўп миқдорда тановул қилинган овқатдан 1-3 соат ўтгач юзага келадиган ўнг қовурға ости соҳасидаги тўмтоқ оғриқларга шикоят қиладилар. Улар юқорига, ўнг елка, курак ва бўйиннинг ўнг қисмига узатилади. Агарда холесистит ўт-тош касаллиги билан биргаликда келса, оғриқлар хуружсимон характерга эга бўлади. Беморларда оғриқлар билан бир қаторда оғизда аччиқ таъм ва темир мазасининг бўлиши, ҳаво билан кекириш, кўнгил айниши, қориннинг дам бўлиши ва қабзият ҳамда ич кетишларнинг алмашиниб туриши каби диспептик белгилар кузатилади. Айрим ҳолларда касаллик оғриқсиз кечиб, беморларни эпигастрал соҳада оғирлик ҳисси ва фақат диспептик ўзгаришлар безовта қилади. Баъзан тана ҳарорати субфебрил даражагача кўтарилади.
Лаборатор – асбобий текширишлар
Қондаги ўзгаришлар меъёрида ёки бир оз лейкоцитоз ва ЭCҲТ нинг ошиши кузатилади. Дуоденал сақланманинг В порсиясида яллиғланиш белгилари (шиллиқ, „лейкоцитлар“, десквамацияланган эпителия ҳужайралари) аниқланади. Агар яллиғланиш жараёни ўт йўлларига ҳам тарқалган бўлса (холангит), юқоридаги ўзгаришлар С порсияда ҳам топилади. Айрим ҳолларда кўп маротаба зондлашда ҳам В порсияни олишга эришилмайди. Бу ўт пуфагининг қисқарувчанлик фаолияти бузилганлигидан далолат беради ва сурункали холесистит учун хос белги ҳисобланади. Пуфакдаги ўтни бактериологик текшириш микроблар флораси ҳақида маълумот олишга ва йўналтирилган антибактериал даво буюришга имкон яратади. Ўт пуфагини УТТ ёрдамида текширилганда, сурункали яллиғланишга хос бўлган белгилар, яъни чандиқлар ривожланиши ҳисобига шаклланган деформациялар, деворининг қалинлашганлиги ва чўкмалар аниқланади. Холесистографияда ўт пуфагининг шакли ўзгарганлиги ва кўриниши аниқ бўлмаслиги, унинг шиллиқ қавати консентрациялаш фаолияти бузилганлигидан далолат беради. Парентерал (панкреозимин-холесистокинин) стимулятор киритилганидан сўнг ўт пуфагини етарли бўлмаган даражадаги қисқариши кузатилади.
Даволаш
Сурункали холесиститга чалинган беморларни даволашда дорилар билан ва дориларсиз даволаш тамойилларига амал қилинади. Гиперкинетик дискинезия билан кечган холесиститларда ўт пуфагининг қисқаришига олиб келиши сабабли ёғли, хамирдан тайёрланган таомларни истеъмол қилиш, пиво ва газланган ичимликларни ичиш кескин чегараланади. Гипокинетик дискинезияда ўт пуфаги қисқаришини кучайтирувчи овқатлар, мевалар, сабзавотлар (карам, сабзи, помидор), ўсимлик ва ҳайвон ёғлари, магний тузларига бой бўлган маҳсулотлар, дағал ўсимлик тўқималари (кепак, олма, наъматак қайнатмаси) тавсия қилинади. Тана вазнини камайтириш мақсадида (агар ТВИ юқори бўлса) 4-5 марта оз-оздан овқатланиш буюрилади. Авж олиш даврида даволаш шифохона шароитида олиб борилади ва этиологик ҳамда патогенетик даво буюрилади. Этиологик даво сифатида антибиотиклар билан бактерияларга, ламблиялар ва бошқа холесиститни чақирувчи омилларга таъсир кўрсатилади. Шу билан бир қаторда бемордаги мавжуд ўт йўллари дискинезиясига мос равишда даво чоралари қўлланади. Сурункали холесиститнинг барча турдаги клиник кечишларида таркибида етарли даражада минераллар сақловчи маъданли сувлардан (бундан ўт-тош касаллиги истисно) фойдаланилади. Шунингдек, гипокинетик дискинезияда ксилит ва сорбит ёки магний сулфат ёрдамида даволаш тюбажлари ўтказилади.
Профилактикаси
Касаллик ёки уни айжланишининг олдини олишга қаратилган: ўт пуфагида ўт суюқлигининг туриб қолишини бартараф этиш (бадантарбия, жисмоний юкламалар, овқатни тез-тез ва кам миқдорда истеъмол қилиш) ва ўчоқли инфексиялар билан курашиш каби тадбирлардан иборат.
Адабиётлар
- А.Гадаев, М.Ш. Каримов, Х. С. Ахмедов. Ички касалликлар Пропедевтикаси—Тошкент: „Муҳаррир“ нашриёти, 2012, 535-537б.