Сурхон 142 — серҳосил помидор нави. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик институтининг Сурхондарё таянч пунктида навлараро чатиштириш усули билан яратилган (М. Х. Аромов, В. Ф. Пивоваров, Л. Жўраева, Н. П. Черемушкина; 1991). Пояси бақувват, кам шохланган, бал. 100—155 см, сербарг, барг тузилиши картошка баргига ўхшаш. Меваси йирик (120—130 г), юмалоқ, яссиюмалоқ, текис, қизил. Таркибида 5,8% қуруқ модда бор. Кўчати уруғдан униб чиққанидан ҳосил пишишига қадар вегетация даври 110— 115 кун. Асосан, парникларда етиштирилган ва пикировка қилиб ўстирилган кўчатлари далага 10—25 апрелда экилади (ўртаги ва кечки муддатларда 1июлгача экиш мумкин). Гуллаганидан кейин ҳосили 50—55 кунда пишади. Ҳосилдорлиги 450—500 с/га. 1994-йилда Сурхондарё, Бухоро ва Тошкент вилоятлари учун раёнлаштирилган.