Сусамиртов - Ички Тяншандаги тоғ тизмаси. Талас Олатовидан жануби-шарқда. С шимоли-ғарбда Чичқан дарёси (Нориннинг ўнг ирмоғи)дан бошланиб, жануби-шарқда Кёкемерен дарёсигача 125 км га чўзилган. Энг баланд жойи 4048 м. Релефи мураккаб, кўплаб дарё водийлари билан парчаланган. Унинг шимолий ён бағри Сусамир ва Кёкемерен дарёларининг ўнг ирмоқлари (Жалпақсу, Арамсу ва бошқалар), жанубий ён бағри эса Норин ва Кёкемерен дарёларининг ўнг ирмоклари (Қопчиғай, БоорТёке, Бурлиқия ва бошқалар) билан кесилган. Тизманинг сувайирғич қисми ва ён бағирларидаги водийларда қадимги ва ҳозирги замон музликлари ғаракати таъсири натижасида вужудга келган релеф шакллари (трог, карр, сирк, морена тепалари) кенг тарқалган. Дарёларнинг ўрта ва куйи оқимларида эрозион релеф шакллари (даралар, террасалар) вужудга келган. Тизма ён бағирларида текисланган юзалар ("сандиқлар") сақланиб қолган. Тизмадан Норин ва Сусамир водийларини боғловчи бир қанча довонлар (Муз—Тёр —3643 м; Чортош — 3380 м; Оёлма, Сусамир ва бошқалар) бор. С. таркиби гранит, метаморфик сланецлардан иборат. Сувайирғич қисмида музликлар учрайди. Тоғ ён бағирларидан ёзги яйлов сифатида фойдаланилади.