Сув эчкилари (Кобус) — қувушшохлилар оиласига мансуб сут эмизувчилар уруғи. 5 та тури бор. Африкада тарқалган. Гавдасининг узунлиги 125—220 см. Эркаклари шохларининг уз. 30—100 см, тўғри ёки лирасимон эгилган, ҳалқасимон йўғонлашган. Ўрта туёғи нисбатан узун, учи ингичкалашган. Бўйнида ёли бор. Яхши сузади; хавф туғилганида сувга тушиб, жон сақлайди. Типик вакили асл Сув эчкилари Жанубий ва Шарқий Африкада учрайди. Гавдасининг узунлиги 2,2 м, бўйи 130 см ча. Юнги кулранг, қизғишқўнғир тусда товланади. Томоғи, кўзи ва думи атрофида оқиш холлари ва йўли бор. Эркаги шохли (уз. 80 см ча). Тери безларидан бадбўй ҳид ажратади. Сув ҳавзаларига яқин саванна ва ўрмонларда, баъзан дарё қирғоғидаги бутазорларда тўда бўлиб ўтроқ яшайди. Бўғозлик даври 7—8 ой. Йилда битта бола туғади. Териси учун овланади. Айрим турлари муҳофаза қилинади.