Suyak sinishi

Суяк синиши — шикастланиш оқибатида суяк бутунлигининг ҳаттоки шаклининг ҳам бузилиши. Суяк синиши травматик ва патологик турларга бўлинади. Травматик суяк синиши соғлом суякка тўсатдан кучли механик куч таъсир этиши натижасида рўй беради. Патологик суяк синиши эса бирор касаллик (масалан, суяк сили, суяк ўсмаси, остеомиелит, остеопороз ва ҳоказо) оқибатида мўрт бўлиб қолган суякка кучли ташқи таъсир туфайли юзага келади. Суяк синиши ёпиқ ёки очиқ бўлади. Ёпиқ синишда синган жой соҳасидаги тери зарарланмайди, лекин сўглом суякдан деярли фарқ қилмайди. Фақат қаттиқ оғриқ бериши туфайли фарқланиши мумкин. Очиқ синишда эса тери йиртилиб, суяк бўлаклари теридан ташқарига чиқиб қолади. Очиқ суяк синиши ёпиғига нисбатан хавфлироқ ҳисобланади, чунки теридаги йиртилган яра орқали синган соҳага инфексия кириб қолиши ва йиринглашга сабаб бўлади. Бунда биринчи ёрдам уни ҳаракатлантирмасдан дезинфексия қилиб олиш керак. Очиқ суяк синиши, асосан, ҳарбий қуроллар таъсири ва йўл-транспорт ҳалокати туфайли юзага келади.
Синган суяклар сонига кўра суяк синишлари монотравма (битта суяк синиши) ва политравма (бир нечта суяк синиши)ларга бўлинади. Шикастланиш нечта бўлакка бўлинишига қараб оддий (суяк икки бўлакка бўлинса) ва мураккаб (суяк бир неча бўлакка бўлинса) турларга бўлинади. Суяк бўлакларининг шаклига кўра суяк синишилари кўндаланг, узунасига, қия, винцимон, Т-симон, В-симон, майдаланган бўлади. Синган суяк бўлаклари жойидан силжимаслиги ёки мускуллар қисқариши натижасида силжиб кетиши мумкин бўлади. Суяк синишининг фақат болаларга хос бўлган „новдасимон синиш“ ва эпифизеолиз турлари ҳам мавжуд.
Суяк бўлаклари атрофдаги қон томирлари ва нерв толаларини жароҳатлаши мумкин. Бир нечта майда суяклар ёки битта йирик суяк (масалан, сон суяги, чаноқ суяги) синганда ички ва ташқи қон кетиши туфайли травматик шок вужудга олиб келади. Суяк синишининг ташқи кўринишдан абсолют (суяк калталашуви, қийшайиши, синиш соҳасида киртиллаш) ва нисбий (шиш, оғриқ, функсиянинг бузилиши) белгилари кўзга ташланади.
Суяк синишини даволашнинг консерватив (операциясиз) ва оператив усуллари ҳам мавжуд. Консерватив даво усуллари (қўлда тортиб ёки тана тортими ёрдамида суяк бўлакларини тўғрилаш, гипс боғлам қўйиш), асосан, оддий суяк синишиларида қўлланади. Мураккаб суяк синишиларида эса аксарият ҳолларда операция қилинади. Оператив даво усулларидан суяк бўлакларини металл пластинка, штифтлар, бурама мих ва ташқи фиксация аппаратлари (масалан, Илизаров аппарати) ва ҳоказолар билан маҳкамлаш кенг тарқалган.
Суяк бўлакларининг битиши синган соҳада суяк қадоғи ҳосил бўлишига асосланган мураккаб биологик жараёндир. Битиш муддати қайси суяк синганлиги, суяк бўлакларининг ва атроф юмшоқ тўқималарининг ҳолати ҳамда организмнинг умумий аҳволига боғлиқ. Майда ва кўмик суяклар йирик ва узун суякларга нисбатан, болалар суяги эса катталар суягига нисбатан тезроқ битади. Қарияларда суяк битиши секинроқ кечиши мумкин.
Суяги синган жойни тезда мавжуд нарсалар (картон, фанер, тахтача ва бошқалар) ёки шина қўйиб, устидан дока, рўмол ёки бинт билан сиқиб боғлаш ва беморни зудлик билан тегишли касалхонага олиб бориш зарур.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |