Таърих (араб. — юз берган) — мумтоз адабиётда машҳур кишиларнинг туғилиши ва вафоти, турли биноиншоотларнинг қурилиши, китоблар таълифи ва бошқа муҳим воқеа-ҳодисалар вақтини англатувчи санъат. Т. кўпинча у ёки бу машҳур шахснинг вафоти муносабати билан ёзилган. Т.да қўлланган сўз ва иборалар, уларни ташкил этган араб ҳарфларининг абжад рақами билан қўшиб ҳисобланганда, маълум бир сана келиб чиқади. Санани биддирадиган сўз ёки ибора Т. моддаси, уларни ташкил этган ҳарфларнинг абжад бўйича йиғиндиси жумал дейилади. Т. фақат мустақил ёзилмай, баъзи бир асарларнинг ичида ҳам келади.

Т.да шоир кўзда тутган сана сўз ёки муаммо усулида ифодаланади. Шунга кўра, Т. сариҳ (очиқ, равшан) ва таъмия (беркитилган, яширилган) каби 2 турга бўлинади. Т.нинг сариҳ турида сана очиқ ифодаланса, таъмияда аввал Т. моддаси топилади. Мас., Каримбек Камий Чимкентдаги бир жомеъ маежидининг таъмирланиш санаси ҳақида шундай ёзади:Соли таъмирин савол этган киши, Эй Камий, равшан жавоб этгил анго: Мингу уч юз ҳам ўтуз эрди фақат, Соли таърихи бу итмоми бино.

Камий бу ерда "мингу уч юз ҳам ўтуз" (ҳижрий 1330-йил) деб, мазкур маежиднинг таъмирланиш санасини очиқ баён этади.

Т. ўзига хос қонуният ва поэтик хусусиятларга эга.

Замонавий адабиётда Анисий, Ҳабибий, Ғ.Ғулом, Улфат, Чустий ва бошқа Т. ёзганлар. Араб ёзуви ва абжад ҳисобига асосланганлиги учун ҳозирги кунда Т. ёзиш анъанаси тўхтаб қолган.

Адабиёт

  • Адабий турлар ва жанрлар, 2ж., Т., 1992.

Эргаш Очилов.