Табақа пардоз — ўймакорликда пардоз тури; ўйма гул — нақшларни 2 ёки 3 қатламли ўймалар билан пардозлаш усули. Ўймалари унча чуқур бўлмасада, нақшлар ҳажмдор кўринишга эга бўлиб, ажойиб жозибадорлик ҳосил қилади. Пардозлар ичида энг мураккаби бўлгани учун устадан юксак касбий маҳорат талаб этади. Бухоролик усталар Табақа пардоз усулини кенг қўллайди. Жумладан, Уста Ширин Муродов Табақа пардознинг имкониятларидан маҳорат билан фойдаланиб, жозибадор нақш мужассамотлари яратган.