Август Родин 1880-йилда ясаган ҳайкал

Тафаккур — инсон ақлий фаолиятининг юксак шакли, обектив воқеликнинг онгда акс этиш жараёни. Тафаккур атроф муҳитни, ижтимоий ҳодисаларни, воқеликни билиш қуроли, шунингдек, инсон фаолиятини амалга оширишнинг асосий шарти саналади. У сезги, идрок, тасаввурларга қараганда воқеликни тўла ва аниқ акс эттирувчи юксак билиш жараёнидир. Тафаккур деб, воқеликдаги нарса ва ҳодисаларни улар ўртасидаги боғланишларни фикран, умумлаштириб, воситали йўл билан акс эттиришга айтилади. Воқелик тафаккурда, идрок ва тасаввургина нисбатан чуқурроқ ва тўлароқ акс этади. Биз сезги, идрок воситаси билан билиб олишимиз мумкин бўлмаган нарса ёки ҳодисаларни, нарса ёки ҳодисаларнинг хусусиятларини, уларнинг боғланиш ва муносабатларини тафаккур воситаси билан билиб оламиз. Тафаккур — инсон миясининг алоҳида функсияси. Унинг нерв физиологик асоси биринчи ва иккинчи сигнал системаларининг ўзаро муносабатидан иборат. Тафаккур жараёнида инсонда фикр, мулоҳаза, ғоя, фараз кабилар вужудга келади ва улар шахснинг онгида тушунчалар, ҳукмлар, хулосалар шаклида ифодаланади (қаранг: онг). Тафаккур тил ва нутқ билан чамбарчас боғлиқ равишда намоён бўлади. Фикрлаш фаолияти нутқ шаклида намоён бўлади. Нутқ алоқаси жараёнида инсоннинг ҳиссий мушоҳада доираси кенгайиб қолмай, орттирилган тажриба бошқа кишиларга ҳам берилади. Инсон ўзининг тафаккури, нутқи ҳамда онгли хатти-ҳаракати билан бошқа мавжудотлардан ажралиб туради. У фикр юритиш фаолиятида ўзида акс эттирган, идрок қилган, тасаввур этган нарса ва ҳодисаларнинг ҳақиқийлигини аниқлайди, ҳосил қилинган ҳукмлар, тушунчалар, хулосалар чин ёки чин эмаслигини белгилаб олади. Инсон тафаккури орқали воқеликни умумлаштириб, бевосита (билвосита) акс эттиради, нарса ва ҳодисалар ўртасидаги энг муҳим боғланишлар, муносабатлар, хусусиятларни англаб етади. Бинобарин, инсон муайян қонун, қонуният ва қоидаларга асосланган ҳолда ижтимоий воқеа ва ҳодисаларнинг вужудга келиши, ривожланиши ҳамда оқибатини олдиндан кўриш имкониятига эга.

Тафаккур кўпгина фан соҳалари (фалсафа, мантиқ, жамияцҳунослик, физиология, кибернетика, биология)нинг тадқиқот объекти ҳисобланади. Психологияда тафаккур воқеликни умумлаштириш даражасига, муаммони ечиш воситаси хусусиятига, ҳолатларнинг инсон учун янгилиги, шахснинг фаоллик кўрсатиш даражасига кўра бир неча турларга (кўргазмали ҳаракат, кўргазмали образли, амалий, назарий, ихтиёрий, ихтиёрсиз, мавҳум, ижодий ва ҳоказо) ажратиб тадқиқ қилинади. Ижтимоий ҳаётда, таълим жараёни ва ишлаб чиқариш.да одамлар ўртасидаги алоқа ва муносабатлар ҳам тафаккур ёрдамида намоён бўлади. Жамоада танқидий қараш, ўзини ўзи танқид, баҳолаш, текшириш, ўзини ўзи текшириш, назорат қилиш, ўзини ўзи назорат қилиш, гуруҳий мулоҳаза юритишдан иборат тафаккур сифатлари вужудга келади. Инсоннинг инсон томонидан идрок қилиниши ҳам тафаккур билан узвий алоқададир. Ижодий ишлар, кашфиётлар, ихтиролар, таклифлар тафаккурнинг маҳсули ҳисобланади. Психология тафаккурнинг филогенетик (инсоният пайдо бўлиши даври), онтогенетик (киши умри давомида) билишга оид тарихий жиҳатларини ҳам ўрганади. Ҳозирги замон фанининг жуда кўп мураккаб масалалари тафаккурдаги мантиқий жараёнларни янада чуқурроқ ўрганишни тақозо этмоқда[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Тафаккур“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Т-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Ҳаволалар