Таҳорат (арабча: طهارة‎‎) — намоз ўқиш, ибодат олдидан ювиниш, покланиш жараёни. Хусусий шакли сифатида таяммум кўрилади. Исломда таҳоратнинг икки тури мавжуд: вузуъ — кичик таҳорат — қўлоёқ ва юзни ювиш; ғусл — катта таҳорат — тўла ювиниш, чўмилиш.

Таҳоратнинг 4 та фарзи бор; юзни ювмоқ; икки қўлни тирсак ила қўшиб ювмоқ; икки оёқни тўпиғи ила қўшиб ювмоқ, бошнинг тўртдан бир қисмига мас’ҳ тортиш — икки қўлни ҳўллаб суртмоқ. Бу фарзлардан бирортаси бажарилмаса, таҳорат ҳақиқий бўлмайди. Таҳоратнинг фарзларидан бошқа унинг суннат ва вожиблари ҳам бўлади. Таҳорат оладиган ҳар бир кимса сувни керагидан ортиқ ҳам, оз ҳам сарф қилмаслиги; сувни юзга шапиллатиб сочмаслиги; таҳорат қилаётганда ўринсиз гаплашмаслиги; ифлос ерда таҳорат олмаслиги керак. Таҳорат қилиш учун сув топилмаса таяммум қилинади. Таҳорати бор кишида қуйидаги ҳолатлардан бири юз берса таҳорати бузилган ҳисобланади: вужуднинг бирон еридан қон, йиринг, сув чиқса; оғзи тўлиб қусса; тупурган вақт тупугини ярмидан кўпи қон бўлса; кичик ва катта ҳожатга борса ва орқадан ел чиқарса; бехуш ёки маст бўлса; намоз вақтида кулса; ухласа. Таҳоратни бузадиган ҳолатлар рўй берса, таҳоратни бошқатдан қилиш лозим бўлади[1][2].

Таҳоратнинг ўзи ҳам ибодат саналади, шунинг учун киши таҳоратни мукаммал қилишга ҳаракат қилиши керак. Таҳоратда сувни эхтиёждан ортиқча ишлатиш қатъиян ман қилинади, бу борада ҳадис ҳам мавжуд: Бир куни Пайғамбар Алайҳиссалом, Саад р.а олдидан ўтаётганларида Саад р.а кўп-кўп сув ишлатиб таҳорат олаётган эди. Шунда пайғамбаримиз унга қарата: „Эй Саад бу нима исрофгарчилик“, дея танбеҳ бердилар, шунда Саад р.а: „Ё Расулуллоҳ таҳоратда ҳам исроф борми?“, деди. Шунда пайғамбар Алайҳиссалом: „Ҳа оқиб турган дарёнинг олдида бўлсанг ҳам сувни эхтиёждан ортиқча ишлатма“, дедилар.

Жараён

Таҳорат учун сув ҳозирлагандан кейин:

  1. Қибла томонга қараб, ичида „Таҳорат олишни ният қилдим“ дейилади.
  2. „Аузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм“, дейилади.
  3. Қўллар бандигача 3 марта ювилади.
  4. Ўнг қўлда сув олиниб, оғиз 3 марта ғарғара қилиб чайилади ва мисвок қилинади.
  5. Бурунга ўнг қўл билан 3 марта сув тортилиб, чап қўл билан қоқиб тозаланади.
  6. Юз 3 марта ювилади.
  7. Аввал ўнг қўл тирсаклар билан қўшиб ишқалаб ювилади, сўнгра чап қўл.
  8. Ҳовучга сув олиб, тўкиб ташлаб, ҳўли билан бошнинг ҳамма қисмига масх тортилади.
  9. Кўрсаткич бармоқ билан қулоқларнинг ичи, бош бармоқлар билан эса қулоқ орқаси масх қилинади.
  10. Иккала кафтнинг орқаси билан бўйин масх қилинади.
  11. Чап қўл билан ўнг оёқни ошиқ қисми билан қўшиб, бармоқлар орасини ишқалаб 3 марта ювилади, кейин чап оёқ.
  12. Қибла томонга қараб, ичида „Ашҳаду ан Ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ“ дейилади.

Манбалар