Тажнис (жинсдош) - шеʻр байтида маʻно жиҳатидан ҳар хил, аммо шакли бир хил ёки шаклан бир-бирига яқин икки сўзни келтириб, улар воситасида муайян фикр, лавҳа ёки тимсолни таʻсирчан ифодалаш санʻати.

Тажнис (араб. — ўхшаш, шаклан ўхшаш, ҳамжинс, хамшакл) — ёзма адабиётдаги бадиий санъатлардан. Т.да омонимлар нозик сўз ўйинларини ишлатишга имкон беради. Шарқ бадииёт илмида Т.ни лафздошлик даражаси ва имлосига қараб бир неча турларга ажратганлар. Агар Т. бирикма лафздошлигига асосланган бўлса "тажниси мураккаб" (мае: ёқилди — ё қилди, ёзаман—ёза мен), агар Т.нинг тузилиши бир хил бўлиб, ёзилиши ҳар хил бўлса "тажниси лафз" деб аталган. Ўзбек адабиётида Т.ни шеърий санъат сифатида ишлатишнинг 7 тури борлиги қайд этилган. У, айниқса, ёзма шеъриятнинг деярли барча жанрларида бадиийликни юзага келтириш, сўз ўйинлари қосил қилиш, сўз маъноларининг хилма-хил товланишларини намойиш қилиш мақсадларида қўлланган. Мумтоз шеъриятда қофияларида Т.ли (омонимли) сўзлар ишлатилган номалар, ғазаллар, қиталар, туюқлар, фардлар кўп. Шоирлар шеърда, мисра ёки байтда бир-бирига шаклан ўхшаш, жинсдош сўзларни турли маъноларда қўллашиб, чиройли Т. лар яратганлар. Айниқса, Т. туркий халқлар шеъриятининг ўзига хос жанрларидан бири бўлган туюқларда кенг қўлланган.

Бўлди чун умринг кунининг вақти туш, Нафси саргашт отини кўп чопма, туш. Ҳобгоҳ этгил қаноат манзилин, Йўқса ҳаргиз кўрмагингдир рост туш.

(Огаҳий).

Биринчи мисрадаги "туш" куннинг туш пайтини, киши умрининг ўртасини; иккинчиси отдан туш—ёшингни ўйлаб иш қил, инсофга кел; учинчиси уйқуда туш кўрмоқ маъноларида ишлатилган. Т.ли қофиялар туюқнинг жанр компонентларидан биридир. Бобур ижодидан бошлаб 2 мисрасида Т. сўзлар қофия бўлиб келувчи фардлар ҳам яратила бошлаган. Т. ХВ аср ўзбек шеъриятида Юсуф Амирий, Лутфий, Навоий яратган туюқларда кенг қўлланган. Унинг санъат сифатидаги намуналари Бобур, Убайдий, Мунис, Увайсий, Комёб, Огаҳий, Амирий, Рожий Марғилоний шеъриятида ҳам учрайди. Кейинчалик: Ҳабибий, Чархий, Ғафур Ғулом, Восит Саъдулла ва бошқа Т.ларнинг оригинал турларини топишиб, шеъриятга киритдилар.

Т. халқ оғзаки ижодида ҳам бадиийликни юзага келтириш омилларидан бири бўлиб келган.

Адабиёт

  • Раҳмонов В., Шеър санъатлари, Ленинобод, 1972; Рустамов А., Навоийнинг бадиий маҳорати, Т., 1979; Орзибеков П., Туюқ: Лирикада кичик жанрлар, Т., 1976.

Раҳмонқул Орзибеков.

Мисол:

                        Улким кўнгил олди зулфи холи,
                        Кўнглудин эмас хаёли холи.

                                                                                          (Лутфий)

Биринчи қаторда "холи" сўзи "юздаги хол" маʻносида, иккинчи қаторда "алоҳида эмас" маʻносида келган.

                        Қаю ерда бўлса уқуш била ўг (ақи)
                        Ани эр атағил неча ўгса ўг. (мақта)
                        Уқуш, ўг, билиг кимда бўлса тугал,
                        Явуз эрса каз те, кичиг эрса ўг. (улуғла)

                                                                                          (Юсуф Хос Ҳожиб)

Мазмуни:
                        Қайси бир кишида ақл ва заковат бўлса,
                        Уни (ҳақиқий) киши деб атагин, қанча мақтасанг мақта.
                        Заковат, ақл, билим кимда етук бўлса
                        Ёмон бўлса (ҳам) яхши де, кичик бо'лса (ҳам) катта деб бил (яʻни улуғла).

                        Бўюнг сарву санувбартек, белинг қил
                        Вафо қилғон кишиларга вафо қил.

                                                                                          (Хоразмий)