Taklamakon
Такламакон (хитойча: 塔克拉玛干沙漠; уйғурча: تەكلىماكان قۇملۇقى, Тäклимакан) — Хитойнинг ғарбий қисмидаги чўл, Тарим текислигининг марказий қисмида. Дунёда энг йирик қум чўлларидан бири. Майдони 271 минг км². Узунлиги ғарбдан шарққа 1000 км дан зиёд, эни 400 км гача. Ер юзаси текис бўлиб, тўртламчи даврда тўпланган чўкиндилардан тузилган. Шимолий ва шарққа томон 1200–1300 м дан 900–1000 м гача пасайиб боради. Чўлнинг ғарбий қисмида қумтошлардан иборат бир неча қояли қатор тепалар (Чўнгтоғ, бал. 1664 м), қумоқ ва гилли тепаликлар (Мозортоғ, 1635 м, Тўхтақози, 1560 м) бор. Такламаконнинг жануби-ғарбида барханлар, шимоли-шарқида бал. 300 м гача бўлган қум уюмлари учрайди. Чекка қисмидаги катта майдонларни шўрхоклар эгаллаган. Иқлими кескин континентал, қуруқ иқлим. Йилига 50 мм дан кам ёғин ёғади, баъзи йилларда умуман ёғмайди. Кучли шамоллар эсиб, қум бўронлари бўлиб туради. Кунлундан оқиб келадиган дарёлар қумга сингиб кетади, Хўтан дарёсигина ёзда чўлни кесиб ўтиб, Тарим дарёсига қуйилади. Ер ости сувлари чуқур. Чўлнинг катта қисмида ўсимлик деярли учрамайди. Дарё водийларида терак, жийда, янтоқ, шўра, саксовул ўсади. Ҳайвонот дунёси камбағал. Аҳоли воҳа ва дарё водийларида яшайди, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Такламаконда фойдали қазилмалардан нефт, газ, кумир конлари, полиметалл рудалари топилган.
| Такламакон хитойча: 塔克拉玛干沙漠, уйғурча: تەكلىماكان قۇملۇقى, Тäклимакан | |
| Координаталари: Миссинг латитуде | |
| Мамлакат | |
| Жойлашуви | Осиё |
| Узунлик | 1 000 км |
| Кенглик | 400 км |
| Майдони | 337 000 км² |
Яна қара
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Географияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |