Талас (дарё)


Жойлашуви
Давлат

Талас (қирғизча: Талас, қозоқча: Талас) — Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудларидан оқиб ўтувчи дарё. У Қирғиз тизмасининг жанубий ён бағрида Қорақўл номи билан бошланади. Қорасой қишлоғи яқинида Учқўшўй ирмоғи қўшилгач, дарё Талас деб атала бошлайди. Талас Чу дарёсига етиб бормай, Мўйинқум чўллари ҳудудида майда кўлчалар ҳосил қилиб тугайди.

Дарёнинг умумий узунлиги 661 км, сув йиғиш ҳавзасининг майдони эса 52 700 км² ни ташкил этади. Асосан муз ва қор сувлари ҳисобига тўйинади. Қорасой қишлоғи яқинида ўртача кўп йиллик сув сарфи 32 м³/сек.ни ташкил этади.

Талас дарёсининг тоғли қисмида, айниқса, текислик қисмида (Тароз шаҳридан қуйи оқимида) сув кўплаб ариқ ва каналлар орқали суғориш мақсадларида олиб кетилади. Дарёнинг энг йирик ирмоқлари: Учқўшўй, Кўлба, Бештош, Урмарол, Кумуштог, Қорабура, Кенгкўл ва Нелден.

Талас бўйида Тароз ва Талас шаҳарлари жойлашган. Шунингдек, дарё устида Киров номидаги сув омбори мавжуд.