Талас водийси - Шимолий Тяншан орасидаги тектоник водий. Кирғизистоннинг шимолий қисмида. Мўйинқум чўлига туташиб кетади. Талас водийси учбурчак шаклида бўлиб, шимоли-шарқи очиқ. Талас тизмаси билан Қирғизистон тизмаси туташган ердан Тароз шаҳри яқинигача 230 км га чўзилган. Эни энг тор жойида 1 км дан, энг кенг жойида 80 км гача. Шимолида Қирғизистон тизмаси, жанубида Талас Олатови, ғарбда Қоратовнинг жануби-шарқий тармоклари билан ўралган. Водий марказидан Талас дарёси оқиб ўтади. Баландлиги ғарбий қисмида 600 м, шарқий қисмида 2000 м дан зиёд. Релефи мураккаб, асосан, кенглик бўйлаб чўзилган бир қанча паст тизмалар мавжуд. Водийни ўраб олган тизмалар ён бағирлари сланец, қумтош, гранит, оҳактошлардан ташкил топган. Тизмаларнинг пастки кисми ва Талас дарёси водийси тўртламчи давр ётқизиқлари билан қопланган.

Талас водийси ва уни ўраб олган тизмаларда текислик ва тоғолди чала чўл, тоғолди ўртача баландликдаги тоғ дашти ва ўртача баландликдаги тоғ ўрмон ўтлоқдашти, баланд тоғлик ўтлоқ ва ўтлоқ дашт субалп, алп, доимий қорлик ва музлик ландшафт минтақалари тарқалган.

Талас водийси тоғлар билан ўралганлиги учун атрофдаги туманларга нисбатан қиши унча совуқ бўлмайди. Йиллик ўртача температура 2000 м баландликда ҳам 5°, 8°. Вегетация даври 140—160 кун. Йиллик ёғин 200–300 мм.

Асосан, бўз тупроқ, баланд тоғ ён бағирларида тоғ қорамтир, дарё қайирларида эса ўтлоқи аллювиал тупроклар учрайди. Шувоқ, чалов, бетага ўсади. Воҳанинг ғарбий ва марказий қисмларида воғалар мавжуд, суғорилиб маданий экинлар, шу жумладан, қанд лавлаги, буғдой, тамаки ва сабзавот экилади. Боғ кўп. Тоғ ён бағирлари чорвачилик учун яйлов. Талас дарёсида сув омбори қурилган. Талас водийсида Талас шаҳри жойлашган.